ФОТОРЕПОРТАЖ
Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан ички ишлар органлари тиббиёт ходимларининг касбий кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили ўтказиб келинадиган “Йилнинг энг яхши тиббий ҳамшираси” республика кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Танловда вилоят ИИББ тиббиёт бўлимининг моҳир ҳамширалари ўзаро беллашди.
Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг маҳоратини касбга оид ва сиёсий-тарихий савол-жавоб, тиббий амалиёт, моҳир қўллар ва эркин мавзу шартлари бўйича баҳолаб борди.
[gallery-12512]
Якуний натижаларга кўра, ҳамшира Дилфуза Содиқова танлов ғолиблигини қўлга киритди. Ирода Исаева иккинчи, Хурсандой Зиявидинова учинчи ўринга сазовор бўлди.
– Танлов кўтаринки кайфиятда ўтди, - дейди танлов ғолибаси Д. Содиқова. – Барча иштирокчилар ўз касбининг моҳир усталари. Шундай бўлсада, ўзимга бўлган ишонч мени ғалаба сари олиб борди. Ўтган йилги танловда иккинчи ўринни эгаллаган эдим, аммо тушкунликка тушмадим. Билмаганларимни сўраб ўргандим, изландим. Уринишларим ўз самарасини берди. Ўзимдаги салоҳиятим ва устозларим берган билим ва кўникмаларни амалда қўллаб, республика босқичида ҳам Тошкент вилояти ИИББ тиббиёт бўлими шарафини муносиб ҳимоя қиламан.
Тадбир сўнгида ташкилотчилилар томонидан ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Таъкидлаш жоиз, танловнинг республика босқичи жорий йил ноябрь ойида, яъни, тиббиёт ходимлари куни арафасида ўтказилади.
Камола Юсупова
Охунжон Мустафоев (ЎзА)
олган суратлар.