Андижон давлат университети профессори, тарих фанлари доктори, АДУ тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори Рустамбек Шамсутдиновнинг ташаббуси билан хорижда яшаб ўтган ҳамюртимиз доктор Боймирза Ҳайитнинг “Босмачилар: Туркистон миллий кураши тарихи (1917 – 1934 йиллар)” деб номланган китоби ўзбек тилига таржима қилиниб, китоб ҳолида чоп этилди.
Рустамбек Шамсутдинов деярли 60 йилдан буён илмий-педагогик фаолият билан шуғулланиб келади. Турли йилларда унинг юртимиз тарихига оид юзлаб китоблари, минглаб мақолалари чоп этилган. Айниқса, домланинг собиқ совет ҳукмронлигининг қатағон қурбонлари даври сиёсати, Марказий Осиё халқларининг қатағон қурбони бўлган минглаб аҳолисининг аянчли тақдири ҳақидаги ўнлаб китоблари нафақат ўша даврни ўрганиш учун муҳим манбаа, балки тарихий, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ҳар бир миллат ва элатнинг ўз тарихи бор. Тарих замирида эса, миллий ўзликни англаш, қадриятларга ҳурмат, аждодлар хотирасига эҳтиром туйғулари мужассам. Сир эмаски, етмиш йилдан ортиқ давр мобайнида давом этган собиқ Шўро тузуми даврида халқимизнинг ана шу туйғулари топталди, тарихимизни холис ўрганишга, миллий, диний қадриятларимизни асраб-авайлашга йўл қўйилмади.
Октябрь тўнтариши оқибатида ўрнатилган мустамлакачи Советлар тузуми ўзининг биринчи кундан бошлаб собиқ иттифоқ таркибига кирган Марказий Осиё халқлари бошига қирғинлар, даҳшатли ва аламли кулфатлар олиб келди. Ана шу замининг илғор вакиллари истиқлол, эрк ва миллий-озодлик учун кураш олиб борди. Хусусан, миллий озодлик учун курашган юртдошларимиз собиқ совет сиёсатчилари, мафкурачилари, тарихчилари томонидан “босмачилар” деган атама билан номланди. Ўша даврда “Босмачилар ўзга бирор юртга бостириб киргани йўқ, ўз юртини, ерларини, ер, мол-мулкини босқинчилардан ҳимоя қилиш учун кураш олиб борди”, деган ҳур фикрли кишилар таъқиб остига олинди, қамалди, бадарға қилинди, отиб ташланди.
Тарихимизнинг ана шу даври, ана шу даврдаги жараёнлар ҳақида салмоқли, тўлақонли, холис ва ҳақиқатга яқин фикрлар, мулоҳазалар баён этилган манбааларидан бири, Иккинчи жаҳон урушидан кейин узоқ йиллар Европа давлатларида яшаб, илмий фаолият билан шуғулланган доктор Боймирза Ҳайитнинг “Босмачилар: Туркистон миллий кураши тарихи (1917 – 1934 йиллар)” деб номланган китобидир. Ушбу китоб 1994 йилда Германияда немис тилида, 1998 йилда Туркияда турк тилида чоп этилган.
Профессор Рустамбек Шамсутдинов ташаббуси ва саъй-ҳаракати ила ёш тадқиқотчи Шаҳзодбек Болтабоев билан ҳамкорликда ушбу китоб турк тилидан ўзбек тилига таржима қилиниб, Тошкентдаги “Акademnashr” нашриётида 500 нусхада чоп этилди.
Китоб етти бўлимдан иборат бўлиб, биринчи бўлим – “Туркистон босмачилик ҳаракати йўлида (1916 йил июлдан 1918 йил февраль ойигача), иккинчи бўлим – “Фарғона водийси – босмачилар ҳаракати макони”, учинчи бўлим – “Совет русларининг Туркистон фронтини ташкил қилгунча бўлган даврда туркистонликларнинг озодлик ҳаракати”, тўртинчи бўлим – “Миллий озодлик ҳаракатларига қарши совет русларининг Туркистон фронтидаги кураши”, бешинчи бўлим – “Миллий кураш ва Анвар Пошшо (1921-1922), олтинчи бўлим – “Туркистондаги миллий курашнинг охирги босқичи (1922 йилдан 1934 йилгача бўлган давр), еттинчи бўлим – “Туркистон миллий курашининг бориши ҳақида баъзи маълумотлар” деб номланади.
Китобда юртимиз, умуман, Марказий Осиё халқлари тарихидаги энг мудҳиш, алғов-далғовли давр воқеалари, ана шу даврдаги ижтимоий, сиёсий жараёнлар, миллий озодлик ҳаракатлари, озодлик учун курашган, ана шу курашга бошчилик қилган инсонлар ҳақида кенг маълумотлар баён этилган. Китобнинг муқаддимасида муаллиф китоб ёзиш учун дунёдаги қатор кутубхоналар (улар нома-ном келтирилади)да сақланаётган расмий манбаалардан, ўша давр воқеаларига бевосита гувоҳ бўлган кишилар маълумотларидан кенг фойдаланганлигини таъкидлайди.
Шунингдек, китобни таржима қилиш ва чоп этишга тайёрлаш жараёнида таржимонлар томонидан айрим нуқсон ва хатолар тўғриланди, ечими унчалик аниқланмаган жиҳатлар янги манбаалар билан тўлдирилди. Боймирза Ҳайитнинг китобида тарихий воқеалар иштирокчиларининг суратлари бўлмаган бўлса, ўзбек тилидаги нашри имкон қадар қаҳрамонларнинг фотосуратлари билан чоп этилди.
Китобнинг якуний қисми профессор Рустамбек Шамсутдиновнинг “Босмачилик” кураши тарихига доир мулоҳазалар” бўлими остида мавзуга оид мақолалар билан тўлдирилганлиги китобхонларга бу борада янада кенгроқ маълумотлар олиш имконини беради.
Бир сўз билан айтганда, доктор Боймирза Ҳайитнинг ўзбек тилига таржима қилинган мазкур китоби китобхонларга ўтган асрнинг бошларида юртимизда кечган жараёнлар, миллий озодлик ҳаракати, унинг иштирокчилари ҳақида батафсил маълумот беради.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА