
Туризм соҳаси билан боғлиқ фаолиятнинг энг муҳим иқтисодий хусусияти шундаки, у ривожланаётган мамлакатларнинг учта устувор мақсадига ҳисса қўшади. Биринчиси ─ даромад олиб келиш, иккинчиси ─ бандликни таъминлаш ва учинчиси ─ валюта тушумларини кўпайтиришда ҳаракатчан тармоқ сифатида қайд этилади. Бинобарин, туризм соҳаси мамлакат иқтисодий тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида муҳим роль ўйнайди, деб айта оламиз. Мазкур соҳа иқтисодий ривожланишнинг турли босқичларига таъсир қилар экан, бу аввало ҳар бир мамлакатнинг туристик имкониятларига боғлиқ. Туризм истеъмолининг мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда, унинг иқтисодий таъсири бошқа ишлаб чиқариш тармоқларига интеграциялаштирилса, жадал иқтисодий ўсишга ёрдам беради.
Жорий йил 29 март куни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирларга бағишланган видеоселекторда ўтган йили 2021 йилга нисбатан юртимизга 3 баравар кўп сайёҳ ташриф буюргани, яъни 5 миллион 200 минг нафар хорижлик келиб-кетгани таъкидланди. Илгари бундай катта кўрсаткичлар фақат ривожланган давлатларда бўлиши мумкин, деган тасаввурлар йўқ эмас эди.
Видеоселектор йиғилишида амалиёт билан назариянинг интеграциясини йўлга қўйиш, илмий-тадқиқот ишларини соҳага кенг татбиқ қилишни республикамиздаги 11 та олий таълим муассасаларини ўзларига бириктирилган вилоятлар ва 31 та туман ҳокимлари билан биргаликда амалга ошириш белгилаб берилган эди.

Ушбу топшириқлар ижросида Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари ва талабалари фаол саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда. Хусусан, улар Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир, Хўжайли ва Элликқалъа туманларида туризм инфратузилмаларини лойиҳалаш учун изчил изланмоқда.

Негаки, видеоселекторда давлатимиз раҳбари томонидан туристларни фаол жалб қиладиган жойлар ҳақида контент камлиги, бори ҳам қизиқарли эмаслиги, сайёҳларни 4-5 кун олиб қоладиган турпакетлар етишмаслиги таъкидланган эди. Бу борада университетга бириктирилган туманлардаги туристик объектлар, яъни Элликқалъа туманида 21 та, Хўжайли туманида 13 та ва Тахтакўпир туманидаги 14 та туристик объектнинг контенти яратилди, соҳани ривожлантиришга таъсир қилаётган омиллар таҳлил қилинди. Ўрганилаётган туристик объектлар бўйича tsuetravel.com платформаси ишга туширилиб, Тахтакўпир, Хўжайли ва Элликқалъа туманларининг туризм контентлари жойлаштирилмоқда.

Мазкур туманларга туристларни кенг жалб қилиш учун маҳаллий туризм ташкилотлари билан ҳамкорликда жозибадор ва қизиқарли бўлган 12 та туризм пакети ишлаб чиқилди.
Туризм соҳасига илмий-тадқиқотларни кенг жалб қилиш мақсадида Маданият ва туризм вазирлиги, унинг тизим ташкилотлари билан ҳамкорликда ушбу туманлардаги соҳа бўйича энг муаммоли бўлган 39 та илмий-тадқиқотнинг намунавий мавзуларининг рўйхати шакллантирилди.

Тахтакўпир, Хўжайли ва Элликқалъа туманларида фаолият олиб борувчи гид-таржимон ва экскурсия етакчилари учун туристларга сифатли хизмат кўрсатиш борасида тренинглар ўтилмоқда. Шунингдек, гид-таржимонлар учун туристларнинг олдида ўзини тутиши, нутқ ва кийиниш маданияти, туризм объектлари тўғрисидаги реал маълумотларни билиши ва уларни туристларга етказиб бера олиши, зиёрат одоби, зиёрат объектларида экскурсия олиб боришнинг услубий асослари, диний масканларга саёҳат қилиш техникаси, услублари ҳамда тарбиявий аҳамияти борасида батафсил маълумотлар берадиган услубий қўлланма ишлаб чиқилди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг профессор-ўқитувчилари томонидан Тахтакўпир, Хўжайли ва Элликқалъа туманларидаги туризм ва сервис ходимларининг малакасини ошириш, маҳаллий аҳолини туризм соҳасига жалб қилиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича семинар-тренинглар, маркетинг тадқиқотлари олиб борилмоқда.
Камчиликлар ҳам аниқланди...
Бугунги кунда Қорақалпоғистон ҳудудининг иқтисодий ривожланиши учун туризм инфратузилмаларини ривожлантиришда ҳар бир объектга эътиборли бўлиш муҳим аҳамиятга эга. Олиб борилган тадқиқотлар натижасида ютуқлар билан бирга, туризм соҳасини ривожланишига тўсиқ бўлувчи бир қатор камчиликлар ҳам аниқланди. Жумладан, ушбу туманлардаги 17 та туристик объект мавжуд туристик маршрутларга киритилмаган. Элликқалъа туманида экологик, агро, ов ва соҳил туризми, археологик туризм, Тахтакўпир туманида соғломлаштириш туризми ҳамда Хўжайли туманида зиёрат туризм имкониятларидан етарлича фойдаланилмаяпти.

Бундан ташқари, мазкур туманларнинг қадимий қадамжолари, ноёб маданий объектлари глобал тармоқларда деярли тарғибот қилинмаган, туманларда гид-экскурсоводлар етишмаслиги сабаб саёҳатчиларга сифатли туристик хизматлар кўрсатиш имконияти паст даражада, мавжуд туристик объектлар атрофида туризм инфратузилмаси (санитария-гигиена шохобчалари, Wi-Fi зоналар, йўл кўрсаткичлари) қониқарли эмаслиги аниқланди.

Яна амалга оширилаётган ишларга тўхталсак, ҳудудларда туризм объектларини қайта тиклаш, инфратузилмаларни модернизациялаш лойиҳалаштирилмоқда. Жумладан, маҳаллий ва хорижий сайёҳларни кенг жалб қилиш мақсадида туманларнинг ўзига хос хусусиятлари ва табиий-туристик салоҳиятини янада ошириш кўзда тутилган. Чунончи халқаро рақслар фестивали, халқаро креатив блогерлар фестивали, халқаро талабалар форуми ва энг креатив фотосурат танлови каби тадбирларни ўтказиш белгилаб олинган.

Давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудлар раҳбарлари олийгоҳлар билан ҳамкорликда 1 октябрга қадар меҳмонхона, маданият, табиат, этно ва гастрономик марказларни боғлайдиган туризм кластерини ташкил қилишга масъуллиги алоҳида таъкидлаб ўтилган эди. Маълумки, турли соҳаларда фаолият кўрсатувчи корхона ва ташкилотларнинг ягона мақсад сари ҳамкорликда кластерларга бирлашиши Қорақалпоғистон Республикасининг ички ресурсларидан самарали фойдаланишга имкон беради.
Қолаверса, мамлакатимизда ҳудуд доирасидаги туризм кластерини қўллашнинг иккита сабаби мавжуд. Биринчидан, туризм кластеридан фойдаланиш аниқ минтақада туризм соҳасини янада чуқурроқ, ҳар томонлама мажмуали таҳлил қилиш ва унинг истиқболини олдиндан белгилаш билан бевосита боғлиқ. Иккинчидан, кластерларни шакллантириш маълум ҳудуд ижтимоий-иқтисодий тараққиёти доирасида туризмни ҳамда унга турдош бўлган фаолият соҳаларини ривожлантиришнинг минтақавий стратегиясини ишлаб чиқишни, уларни асослашни ҳамда амалга оширишни таъминлайди.
Бунда мазкур соҳаларда хўжалик юритувчи субъектларнинг меҳнат унумдорлиги, иш самарадорлиги, инновацион фаолияти, рентабеллик ва фойда даражаси ҳамда рақобатбардошлиги янада ортади.
Шу мақсадда Қорақалпоғистон Республикасининг ушбу туманларида “Қорақалпоғистоннинг 7 та мўъжизаси” туркумидаги ҳудудий туризм кластерларини ташкил этиш таклифлари ишлаб чиқилмоқда.
Соҳада саёҳликка оид хизмат турларини кўпайтириш, бунда зиёрат, археологик, экологик, этно, ишбилармонлик (MICE), спорт, гастрономик, тиббий, таълим ва илмий туризмни ривожлантириш, янги туризм йўналишларини ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.
Туманларнинг географик жойлашуви, ихтисослашуви, тарихи, имкониятлари ва бошқа муҳим элементлари ўрганилиб, туризм йўналишларининг ихтисослашуви бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. Жумладан, Элликқалъа туманида тарих ва археологияга қизиқувчилар учун Аёз қалъа қўрғони, Буран қалъа, Бурли Қалъа, Думан қалъа, Желдик қалъа, Кичик Қирққиз қалъа, Назархан қалъа, Тупроқ қалъа, Бургут қалъа, Қўй қирилган қалъа ва бошқа жойларга саёҳатларни уюштириш мумкин.
Айниқса, сайёҳлар туяларни миниб, ҳаяжонли саёҳат қилиши ва қадимги Аёз қалъа харобаларини зиёрат қилиши кўпларга манзур бўлмоқда. Аёзкўл кўлида чўмилиш, моторли қайиқда сайр қилиш, маҳаллий бахши ва жировларнинг экзотик фольклор мусиқа ва қўшиқларини тинглаш сайёҳларни тарихий муҳитга олиб кириши турган гап. Элликқалъа туманидаги кўплаб табиий, диққатга сазовор жойлар, масалан, флора ва фауналарнинг мавжудлиги, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилиши экологик ва агро туризмни кенг йўлга қўйишга имконият яратади.
Ноқулай мавсум...
Дарвоқе, туризмга ноқулай мавсумлар ҳам бор, бу даврда турли умумбашарий ва кўнгил очар тадбирлар, танлов ва кўргазмалар, ўзига хос фестивалларни, маълум бир соҳалар бўйича олимлар ва тадқиқотчи экспертлар учун илмий анжуманлар, шунингдек, оммавий тадбирларни, MICE туризм ташкил этилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Қорақалпоғистонда туризм учун қулай табиий шарт-шароитлар бисёр. Бинобарин Хўжайли шаҳрининг ғарбий чеккасида, Кўҳна-Урганч шаҳрига олиб борувчи йўлнинг икки томони бўйлаб, тепаликда бепоён Миздахкан шаҳри жойлашгани ҳам аҳамиятли. Ғарбий тепаликда жойлашган қадимий Миздахкан шаҳри миллоддан аввалги IV-III асрларда пайдо бўлган.
Шунингдек, ҳудудда Мазлумхон-сулу мақбараси, Халифа-Ережеп мақбараси каби объектларнинг мавжудлиги — зиёрат ва археологик туризмни, қорақалпоқ халқининг ўзига хос таомларининг мавжудлиги — гастрономик туризмни, маҳаллий халқнинг яшаш маданияти, миллий урф-одат ва удумлари — этнографик туризмни ривожлантиришга асос бўлади.
Тахтакўпир туманидаги Айдос қалъа, Барактам, Жаман қалъа, Қўрғонча қалъа, Қос минар, Мехтерқалъа каби объектлар — археологик туризмни, чўл ҳудудларида экстремал туризмга оид “Қаратеран” кўлида 10 га яқин балиқ турлари, ноёб ўсимликлар ва қушларнинг мавжудлиги — овчилик (балиқчилик), экологик туризмни, “Қаратеран кўл”идан 30 метр узоқликда бир нечта булоқлар жойлашган бўлиб, кўл суви 8-10 градусни ташкил этса, булоқлар сувлари 23-25 градусни кўрсатиши — соғломлаштириш туризмини йўлга қўйишга имконият беради.
Давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу йил Ватанимизнинг бой маданияти ва туристик салоҳиятини жаҳонга тарғиб қилиш йили бўлиши кераклиги тўғрисида фикрлари бизнинг мазкур амалий тадқиқотимизга катта илҳом бағишламоқда.

Туризм соҳаси бошқа соҳалардан фарқли равишда кўпроқ тарғиботни, реклама (PR) қилишни талаб қилади. Шу мақсадда Австрия, Индонезия, Россия ва Британия каби давлатлардаги ҳамкорлар, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқ вакиллари ва блогерларни жалб қилиб, ушбу жараёнларни амалга ошириш режалаштирилган.
Хусусан, ишчи гуруҳ ташаббуси билан яқинда анъанавий ва тантанавор руҳда ўтказилиши кўзда тутилган “Саҳро садолари” фестивалига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Мазкур фестиваль жаҳон ҳамжамияти учун ҳам қизиқарли бўлиб, унинг Қорақалпоғистондаги глобал тармоқда мавжуд тарихий обеъктлар, табиий сув ҳавзалари, чўл манзаралари ва ноёб ёдгорликларда ўтказилиши ёшларни Ватанга бўлган муҳаббатини оширади ҳамда дунё сайёҳлари оқиб келишига замин яратади.
Мухтасар қилиб айтганда, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари каби Қорақалпоғистон Республикасининг ҳам туризм салоҳиятидан тўлиқ, илмий асосланган ҳолда фойдаланишимиз нафақат юқори иқтисодий натижаларга, балки кўплаб доимий ва мавсумий иш ўринларини яратишга олиб келади.
Қўнғиротбой ШАРИПОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт
университети ректори.
ЎзА