
Сингапур Республикаси Президентининг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида Сайёҳлик агентликлари миллий ассоциацияси бошчилигида етакчи туристлик компаниялари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилари учун инфо-тур ташкил этилди.
Лойиҳа ўзаро маданий алоқани мустаҳкамлаш ҳамда ушбу давлатдан юртимизга сайёҳлар сонини ошириш мақсадида Маданият ва туризм вазирлиги томонидан ташкил этилди.

Жанубий Осиёнинг энг бой давлатларидан бири саналган Сингапурдан ҳар йили миллионлаб сайёҳлар чет эл сафарига чиқади. Об-ҳаво йил бўйи илиқлиги, тоғ ҳудудига эга бўлмагани сабабли аксарият сингапурликлар, одатда, Япония, Жанубий Корея ва Европа мамлакатлари тоғ-чанғи курортларига саёҳат қилишади. Шу жиҳатдан “Aмирсой” умуммавсумий тоғ-чанги курорти, шунингдек тез орада ишга туширилиши режалаштирилган Чорвоқ-Чимён ҳамда Зомин тоғ-чанғи курортлари уларда қизиқиш уйғотмоқда.

Делегация кўзлаган биринчи манзил айнан “Aмирсой” бўлди ва меҳмонлар мажмуадаги инфратузилма объектлари билан яқиндан танишди.
Йирик туроператорлардан бири, “EU Holidays” директори жаноб Вонг таъкидлашича, бу ерда яратилган шароит Япония ёки Жанубий Кореядаги тоғ-чанғи курортларидан қолишмайди ва нарх анча арзон. Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарлар эса сингапурлик меҳмонлар таассуротини янада бойитишга хизмат қилади.
Делегация вакиллари Самарқанд вилоятига ташриф давомида “Гўри Aмир”, “Регистон” мажмуаси, “Шоҳи Зинда” каби манзиллар ва “MICE” туризмига мос келадиган “Silk Road Samarqand” мажмуасини томоша қилишди.
Сингапурнинг “Pegasus Travel Management” компанияси раҳбари Ч.Тан комплексда жойлашган беш юлдузли меҳмонхоналар хорижлик тадбиркорлар учун қулайлигини таъкидларкан, бу масканларда йирик халқаро тадбирлар ташкил этиш шарт-шароити мавжудлигини эътироф этди.
Дастурга мувофиқ, делегация аъзолари Бухоро ва Хива шаҳарларида ҳам бўлишди. Меҳмонлар бугун Тошкентда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон – Сингапур бизнес форумида иштирок этишади.
Анжуман доирасида Сингапур туризм кенгаши ва Сайёҳлик агентликлари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган англашув меморандуми имзоланиши кутиляпти.
ЎзА