Она табиат тупроғи олтинга тенг Сурхондарё вилоятини ўзининг хилма-хил бойликлари билан сийлаган. Сариосиё, Бойсун ва Олтинсой туманлари осмонўпар тоғларию, ноёб доривор гиёҳлари, шифобахш зилол сувлари, турфа дов-дарахтлари, димоққа хуш ёқадиган ифорли ҳавоси билан ҳам танилган.
Шу кунларда воҳанинг Сариосиё туманида бўлган киши тоғлар қўйнидаги “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғи ва “Тўпаланг” сув омбори тарафларга келгудек бўлса, сирли табиатнинг гўзал манзаралари қўйнида мириқиб ҳордиқ чиқаради. Поёнсиздек туюладиган “Тўпаланг” сув омбори бўйида мавжланаётган зилол оби-ҳаётга бир пас боқиб турса бас, танаси яйраб, дам олади.
[gallery-11885]
– Табиат инъом этган турфа бойликларнинг қўриқловга олингани уларни асраб-авайлаб, кўпайтириш ва табиат шайдоларининг завқу-шавқ туюшига йўналтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғи директори Нуриддин Саттаров. – Назоратчиларимиз ҳиди димоққа хуш ёқадиган ноёб ўсимликлар ва доривор гиёҳлар, кўриниши кўзни қамаштирадиган ранг-баранг гулларнинг кўпайиб бораётганини кузатмоқда. Тоғ чўққиларида эриб, жилғаларга қуйилаётган сув бўйларида арча, аччиқ бодом, дўлана, заранг каби дов-дарахтлар униб чиқаётганини қайд этмоқда.
Ҳа, мабодо ёзнинг иссиқ кунлари йўлингиз тушиб, тумандаги дунёга машҳур Сангардак шаршарасига келиб қолсангиз, албатта, Тўпаланг тарафларга ҳам юриш қилиб, осмонўпар тоғ қўйнидаги гўзал табиат манзараларидан, салқин ва ифорли тоза ҳавосидан, муздек зилол сувидан баҳраманд бўлишга ҳаракат қилинг. Ана ўшанда она табиатнинг буюк яратувчи ва тенгсиз ижодкор эканига сиз ҳам ишонч ҳосил қиласиз.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири