Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида Халқаро ҳаваскор бокс ассоциацияси Президенти Умар Кремлёв бошчилигидаги делегация вакиллари меҳмон бўлди.
Дастлаб делегация вакиллари олийгоҳ ректори Маҳмуджон Болтабаев бошчилигидаги раҳбарият жамоаси томонидан тантанали кутиб олинди. Улар иштирокида университет Олимпия боғида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий, спорт устаси, ҳакам, бокс бўйича оғир вазн тоифасида икки карра мамлакат чемпиони Андрей Борзенко ҳайкалини ясаш учун тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтди. Унда делегация раҳбари У.Кремлёв университет талабаларига ўзининг эсдалик совғаларини улашди. Олийгоҳнинг спорт иншоотларида талаба-ёшларга яратилган шароитлар билан танишди.
Шундан сўнг делегация вакиллари ҳамда университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, Андрей Борзенконинг оила аъзолари ва талаба-ёшлар ўртасида давра суҳбати ташкил этилди. Унда ўзбек боксининг ривожланиш тарихи ва жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрни, юртимиз боксчиларининг бугунги кунда эришаётган ғалабалари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, Умар Кремлёвга Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг фахрий профессор унвони берилди. Меҳмонларга Андрей Борзенко ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиш этилди.
А.Мусаев,
ЎзА.