Давлатимиз раҳбари 2023 йилнинг 19 апрель куни картошкачиликни ривожлантиришга қаратилган режа ва таклифлар тақдимоти билан танишув чоғида уруғчилик билан боғлиқ муаммоларга алоҳида эътибор қаратди.
Аҳоли ва деҳқончилик хўжаликлари элита ва R1 уруғлик ўрнига импорт қилинган ёки маҳаллий сифатсиз картошка экаётгани қайд этилиб, юқори ҳосилли уруғлик картошка етиштириш, миллий уруғ яратиш бўйича ишларни жадаллаштириш лозимлиги таъкидланди. Бу борада Самарқанд вилоятидаги “GS-BIO SAMARKAND” қўшма корхонаси имкониятларини кенгайтириш мақсадида биринчи босқичда Булунғур, Тойлоқ ва Самарқанд туманларидан 500 гектар, иккинчи босқичда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Жиззах вилоятининг Бахмал ва Зомин, Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Шаҳрисабз туманларидан 2 минг гектар ер ажратиш мўлжалланаётгани айтилди.
Вилоятнинг Оқдарё туманида кореялик ҳамкорлар билан биргаликда ташкил қилинган мазкур корхонада ин-витро шароитида иссиқхонада вирус ва касалликлардан холи бўлган уруғлик картошка етиштириш йўлга қўйилди. Ўтган йил бу ерда тайёрланган юқори авлодли картошка уруғи 100 гектар майдонда экилди ва 1000 гектар майдонга етарли супер элита уруғи етиштирилди. Эндиликда бу миқдор йил сайин ошириб борилади.
Вилоятдаги мазкур йўналишдаги ишлар яна давом эттирилиб, Самарқанд туманида “BGS PLYUS” масъулияти чекланган жамиятида АҚШ технологияси асосида қиймати 7,1 миллион доллар бўлган, 4,5 минг тонна қувватга эга янги лойиҳа амалга оширилмоқда. Бугунги кунда корхонага Нуробод туманидан 400 гектар лалми ер майдони ажратиб берилган ва ёмғирлатиб суғориш техналогияси асосида картошка етиштирилади.
Бундан ташқари, Нуробод туманида “Сарикул Мега Агро” МЧЖ томонидан картошка етиштириш лойиҳаси амалга оширилади. Бунинг учун жамиятга 1450 гектар ер майдони ажратилди. Таъкидлаш лозимки, картошкачилик Самарқанд вилоятидаги асосий драйвер соҳалардан бири ҳисобланади. Республикада етиштириладиган картошканинг 30-35 фоизи вилоят ҳиссасига тўғри келади. Уруғлик масаласининг ҳал этилиши вилоятнинг бу борадаги салоҳиятини янада ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА