Халқимизнинг ардоқли шоири ёдга олинди
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудига бағишланган "Улуғимсан, Ватаним" номли адабий тадбир бўлиб ўтди.
Адабий тадбирда халқимизнинг суюкли шоири ижоди, ҳаёти, ибратли фаолияти хусусида батафсил сўз юритилди.
Таъкидланганидек, Муҳаммад Юсуф адабиётимизга ўтган асрнинг 70- йилларида кириб келган. Ижодкор бир неча йиллар мобайнида "Тошкент оқшоми" газетасида мухбир, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида, "Ўзбекистон овози" газетасида самарали фаолият кўрсатди. Шунингдек, Муҳаммад Юсуф Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги - ЎзАда бош муҳаррир ўринбосари, "Тафаккур" журналида бўлим мудири сифатида меҳнат қилган эди.
1996 йилда шоир Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлди. Мазкур ижодий тузилмада дастлаб адабий маслаҳатчи, 1997 йилдан умрининг охиригача Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари бўлиб ишлади.
Муҳаммад Юсуф шоирлар орасида энг ёш "Ўзбекистон халқ шоири" унвонига сазовор бўлган эди. Бу бежиз эмас, албатта. Ўз халқига, туғилиб ўсган юртига меҳр-муҳаббат, оддийлик, самимият, фаол фуқаролик позицияси, теран фалсафий руҳ, халқчиллик шоир шеъриятининг асосини ташкил қилар эди.
Шоирнинг илк шеърлар китоби «Таниш тераклар» номи билан 1985 йили нашр этилган. "Илтижо", "Уйқудаги қиз", "Ҳалима энам аллалари", "Ишқ кемаси" , "Улуғимсан, Ватаним”, “Сайланма”, “Халқ бўл элим” ва яна бошқа кўплаб шеърий китоблари нашр этилган. 1989 йилда «Уйқудаги қиз» номли шеърий тўплами учун у Республика Ёшлар ташкилотининг мукофотига сазовор бўлган эди.
Тадбирда шоирнинг ҳаёти, ижоди хусусида батафсил сўз юритилди. Унинг шеърларидан намуналар ўқилди.
Н.Усмонова, ЎзА