
Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институтида “Амир Темур – темурийлар олтин даври асосчиси”, мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Унда юртимиз ва хорижлик таниқли темуршунос тарихчи олимлар иштирок этиб, ўз маърузалари билан чиқиш қилди.

— Амир Темур ва темурийлар даври тарихини ўрганишда янги давр бошланди, —дейди институт директори, профессор Азамат Зиё. —Мазкур даврда нафақат Туркистон балки салтанатнинг бутун ҳудуди бўйлаб иқтисодий-ижтимоий ва маданий соҳада ривожланиш бўлганлигини алоҳида эътироф этишимиз жоиз.
Профессор Ашраф Аҳмедов темурийлар даврида аниқ фанлар соҳасига бўлган алоҳида эътибор, Мирзо Улуғбекнинг астрономия ва математика фанига қўшган илмий янгиликларини тенглама мисоллар ёрдамида очиб берди.

Эронлик олим, доктор Шаҳрам Паноҳий Амир Темурнинг Эрон илмий-маданий тарихига қўшган улкан ҳиссасини, унинг эронлик алломаларга бўлган муносабати мисолида тушунтирди.
Туркиялик профессор Мусо Шомил Юксал Амир Темурнинг давлат бошқарувини дин ва дунё қонунлари асосида адолатли ташкил этганини, ўз даврида яратилган тарихий қўлёзма манбалар асосида ёритиб берди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида Туркиянинг Мармара университети профессори Аҳмад Шимширгилнинг “Амир Темур” деб номланган асарининг ўзбекча нашри тақдимоти бўлиб ўтди.

Тарих институти директори, профессор Азамат Зиё иштирокчиларга ушбу китоб ҳақида маълумот бериб, ўзбек тарихчилари ва китобхонларини янги асар билан табриклади.
Тадбир сўнггида Амир Темур ва темурийлар даврида илм-фан, маданият, санъат соҳасига эътибор ва бу соҳада эришилган юксак ютуқлар олимлар томонидан эътироф этилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА.