Наманган вилояти мамлакатнинг саноати ривожланган пешқадам ҳудудига айланишига Президент фармони ва қарорларининг мукаммал ижроси, яратилган имконият ҳамда имтиёзлардан самарали фойдаланиш ва яна бир муҳим жиҳат – ташкилотчиликдаги юксак фидойилик сабаб бўлди, десак асло муболаға эмас.
–Шаҳарда ўнта, вилоят бўйича 67 та саноат зонаси ташкил қилинди. 33 та саноат зонаси тўлиқ ишга тушган, – деди Наманган вилояти кичик саноат зоналарининг бошқариш дирекцияси раҳбари Акмал Дадабоев. – Бу ер “Юксалиш” саноат зонаси бўлиб, майдони – 80 гектар. 120 та лойиҳа амалга оширилмоқда. 10 минг иш ўрнига эга. Ёнидан “Ёшлар” ва “Кушон” саноат зоналари қурилиб уйғунлашган. 3 триллионга яқин инвестиция киритилди. 340 та лойиҳа бошланган. 190 таси ишга тушган.
Келинг, уларнинг баъзилари билан танишайлик. Бу “FIAT TAIE” МЧЖ корхонаси. У 2021 йилда иш бошлади. 100 фоиз Ўзбекистон хом ашёсидан дунё бозорида рақобатбардош кафел маҳсулоти ишлаб чиқаряпти. Бир ойда 150 минг квадрат метр юқори сифатли кафел экспортга ва қисман ички бозорга юборилади.

“Арт керамик” брендининг муваффақияти аввало сифат билан боғлиқ эди.
–Мен 2015 йилдан буён кафел ишлаб чиқараман. У йиллардаги кафелни бугунги билан солиштиришнинг иложи йўқ, – дейди корхона директори Бобур Султоналиев. – Сабаби 2016 йилдан инсонларнинг турмуш шароити юксалди, ишлатаётган маҳсулотга талаби кучайди.
Осиё мамлакатлари бозорида танилган Наманган кафеллари шу кунларда талабчан Европа харидорларига юбориладиган бўляпти.

–Болтиқ бўйи мамлакатлари биздан маҳсулот олмоқчи. Экспорт қиладиган бўлсак йўл ҳақининг 50 фоизини давлат субсидия қилиб қайтаради. Бу рақобатбардошликни оширади, – деди Бобур Султоналиев. – Ҳар тарафлама имконият яратилгани учун Ўзбекистон нарх ва сифат жиҳатидан рақобатбардош маҳсулот экспорт қиляпти.
Яна бир жиҳатни айтмасак бўлмас. Наманганлик табдиркорлар қўшни вилоят билан тажрибасини бўлишди.
2023 йил 3 февралдан Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида кафел ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади. Унинг ишлаб чиқариш қуввати бунга нисбатан 20 фоизга кўпроқ, яъни бир кунда 6,5-7 минг квадрат метрни ташкил этади.

Ўзбекистон, ҳусусан Наманган саноат зоналарида тадбиркорга яратилган шароит, кўрсатилаётган эътибор ёшларга қанот боғлади. Бу асло баландпарвоз сифат эмас.
Бу ҳақида корхона раҳбари шундай деди:
–Куни кеча Хитойдан сафардан келдим. Бугунги кундаги ишлаб чиқаришдан уч баробар катта бўлган, ҳали Ўзбекистонда муқобили йўқ – 120 х 120 сантиметрли кафер ишлаб чиқариш линияси бўйича ишимиз якунланяпти. Худо хоҳласа кейинги йили кунига 15 минг метр2 маҳсулот ишлайдиган корхона ишга тушади.

Ҳали тўлиқ ўзлаштирилиб улгурмаган қурилишлар давом этаётган кўчалардан юрамиз. Дуч келган дарвозадан кирамиз. Бу “Гидропласт” хусусий корхонаси экан. Бу ерда иссиқ ва совуқ сувлар, ичимлик суви учун алоҳида юқори босимга чидамли қувурлар ишлаб чиқариляпти.
–Корхонада юз нафар ёшлар ишлайди, – дейди иш юритувчи Исматилло Обидхонов. –40 фоиз маҳсулот экспорт қилиняпти.
Йўл танламай яна бир кўркам иншоот олдида тўхтадик. Бу “GLASS EXPO” МЧЖ. Бу ерда ойна қайта ишланарди, аниқроғи тобланган ойна ишлаб чиқарилар эди. Бири автотранспорт учун, бири биноларни безашга, яна бири Ўзбекистонимизда қурилаётган 7-25 қаватли уйлар деразаси учун. Мебель саноати буюртмаси ҳам оз эмас. Ҳатто ўқ ўтмас қалинлиги 19 миллиметрли бронеойналар ҳам шу ерда тайёрланмоқда.

–Қолаверса уй-жойлар учун эшик, ром, катта-катта витажлар ишлаб чиқарилди, – дейди иш юритувчи Нодирбек Рустамов.
Қарангки, бу ишларнинг ҳаммасини наманганлик ёшлар Италия технологиясида бажармоқда.
Биноларнинг бирида “Кўк сарой” тамғасини учратиб қолдик. Ўзбекистонда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш борасида номдор корхона.
Клейдан тортиб хилма-хил бўёққача ишлаб чиқарилар эди бу ерда.

Саноат зонасида ким билан гаплашманг, давлат раҳбарининг ташаббуси, маҳаллий ҳокимиятнинг ғамхўрлигидан миннатдорлигини айтади.
“Ботир Муҳаммадали” МЧЖ ҳам вилоят ҳокимининг таклифи билан кичик саноат зонасига келиб, дастлаб атиги битта дастгоҳ билан иш
бошлади. Тадбиркорга берилган солиқ ва бошқа имтиёзлардан тежалган маблағига бир йилдаёқ ишлаб чиқаришни кенгайтирди. Янги, замонавий ускуна, жиҳозлар олиб келиб ўрнатилди.

–Янги иш бошлаганимизда 15 нафар ишчи бор эди. Ҳозир юздан зиёд ишчи бор, корхонамизда, – дейди ижрочи директор Акмалхон Баҳодиров. –Ўтган йилдан бошлаб бизга қўшимча қиймат солиғи қайтариб бериш йўлга қўйилди. Экспортга қанча кўп сотсак фойдани шунча кўп кўрамиз. Бир йилда 2,5 миллион жуфт поябзал ишлаб чиқарамиз. Шунинг 90 фоизини экспорт қиламиз.
Наманганнинг бугунги тадбиркори муваффақиятларининг сабабларидан яна бири – қонун-қоида ва меъёрий ҳужжатларни яхши билиши ҳамда улардан самарали фойдаланишда.
–Биз чет эл кредитларини жалб қиламиз. Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Россиянинг “Газпромбанк”и, Туркия ва Хитой банкларидан ҳар йили кам фоизли кредитларни олиб инвестициялар киритяпмиз, – деди Акмалхон Баҳодиров.

Натижа жуда оддий. Мана рақамлар. 2022 йилда мавсумга қараб 200 га яқин турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилди. 3,5 миллион долларлик экспорт қилинди. Тадбиркор куни кеча Жанубий Кореяда ўтган Ўзбекистон саноат маҳсулотлари кўргазмасида қатнашган эди. Экспорт географиясига энди бу мамлакат ҳам қўшилди.
–Афғонистонда Наманган маҳсулотлари ном қозонган. Масалан, менинг ширкатим анъанавий ҳаридор, – дейди Майвен Каримий. – Маҳсулот сифатли, ҳамкоримиз ишончли бўлгани учун ҳам биз аввалдан пулини тўлаб буюртма берамиз. Мозори Шарифда улгуржи логистик марказ очганмиз. У ердан Қобул, Маймана, Ҳирот, ҳатто Покистонга ҳам тарқатаман.
Очиғи, ишониш қийин. Мана шу кечагина яйдоқ қир-адирларда тадбиркорлигини бошлаган наманганлик оддий йигитлар дастлаб, Россия, кейин Осиё мамлакатларига бугун эса...

–Жанубий Африкага маҳсулотларимизни экспорт қилиш масаласини кўриб чиқяпмиз. У ердаги харидорлар билан музокаралар давом этяпти, – дейди Акмалжон Баҳодиров.
Сиз кўрганларингиз бир неча мисоллар, холос. Аниқроғи Наманганнинг Давлатобод туманидаги биргина саноат зонасидан лавҳалар. Туманда эса 285,6 гектар ер майдонида 6 та кичик саноат зонаси ташкил этилган бўлиб, уларга қиймати 4,5 триллион сўмлик 365 та лойиҳа жойлаштирилган. Улар тўлиқ ишга тушса 31 минг 400 та янги иш ўрни қўшилади. Йилига 6,2 триллион сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилади.
Ҳа, Наманганда саноатнинг бундай тезликда юксалишини фавқулодда ҳодиса дейиш мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/RDhl_bhSfdc" title="Наманган: Саноат зоналари довруғ қозонмоқда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео), ЎзА