Мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойилини амалга оширишда давлат органлари томонидан фуқароларнинг мурожаатларига бўлган эътибор ҳам ўз ифодасини топмоқда. Бу борада мурожаатлар билан ишлашда янгича тизим яратилиб, жойларда сайёр қабуллар ташкил этилаётгани одамларни ўйлантираётган кўплаб масалаларнинг ижобий ечим топишига сабаб бўлмоқда.
Наманган вилоятининг Чуст ва Чортоқ туманларида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Олий судининг навбатдаги сайёр қабулида суд-ҳуқуқ йўналишидаги мурожаатлар эшитилди. Олий суд раисининг ўринбосари Ҳалилулло Тўрахўжаев иштирокидаги қабулларда фуқароларнинг жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича 81 та мурожаати кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг 45 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 22 таси юзасидан аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди. 14 та мурожаат жойида ўз ечимини топди.
– Сайёр қабул давомида ўтказилган сайёр суд мажлисларида содир қилган жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан жазони ўтаётган 8 нафар фуқаро қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлигини муносабати билан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди, – дейди Наманган вилояти судининг масъул ходими Баҳодир Мўминов. – Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан иш ҳақи, алимент ундириш бўйича мурожаатлар ўрганиб чиқилиб, суд буйруқлари чиқарилди ва ижрога қаратилди. Ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбат ўтказилиб, 10 та оила яраштирилди.
Сайёр қабул доирасида жиноят ишлари бўйича Уйчи тумани судида вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг очиқ суд мажлиси ўтказилиб, унда фирибгарлик жинояти билан айбланиб, суд томонидан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган 3 нафар фуқаронинг иши апелляция шикоятига асосан кўриб чиқилди.
Судлов ҳайъати мазкур ишлар бўйича барча ҳолатларни тўлиқ ўрганиб, фирибгарлик оқибатида жабрланганларга етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганлиги сабабли 3 нафар судланувчи суд мажлиси залидан қамоқдан озод қилинди. Уларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА