Давлат раҳбари ташаббуси билан тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратилиши ҳам йўлга қўйилган. Бироқ, масъулиятсизлик, имкониятларни тўғри баҳоламаслик ва ҳуқуқий маданият етишмаслиги сабаб банклар билан тузилган шартнома шартларига риоя қилмаслик ҳолатлари ҳамон учраб турибди.
Қонунчиликда шартнома шартлари бузилганлиги боис банклар кредит фоиз қарзи ва ажратилган кредитни муддатидан олдин тўлиқ ундириш бўйича судларга даъво аризаси киритиши мумкин.
Гаров мулки асосида олинган кредит қарздорлиги тўлиқ бартараф қилинмаган тақдирда эса ундирув гаров мулкига қаратилади.
Шартнома шартларига риоя қилмаслик банк мижозига қўшимча харажат, ташвиш ва муаммолар олиб келиши табиий ҳолат. Бюро органлари иш юритувдаги банклар фойдасига ҳал қилинган суд қарорлари ижросини таъминлаш борасида муайян ишларни амалга оширмоқда.
Жумладан, Бухоро туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 29 августдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор “Avalon Logistik” МЧЖдан “Халқ банки” фойдасига 2022 йил 15 июнь ҳолатида юзага келган муддати ўтмаган қарздорлиги 166.560 АҚШ доллари, муддати ўтган қарздорлик 41.640 АҚШ доллари, кредитнинг фоизи 34.341 АҚШ доллари, жами 242.542 АҚШ доллари ва олдиндан тўланган 24.000 сўм почта харажатини ундириш, ундирувни “Avalon Logistik” ва “Afruza Karavan Trans” МЧЖларга тегишли гаровдаги мол-мулкларга қаратиш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Бухоро шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро ҳаракатларига киришилган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор тарафга ижро ҳужжатининг мазмун моҳияти тўлиқ тушунтирилиб, бартараф этиш учун ихтиёрий муддат берилган бўлсада, ижро ҳужжати талаблари бажарилмаган.
Бўлим давлат ижрочилари томонидан амалга оширилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор “Avalon Logistik” МЧЖга тегишли 2015 йилда ишлаб чиқарилган 1 та “MATIZ” русумли автомашина ва 2019 йилда ишлаб чиқарилган 2 та “ASIA STAR” русумли автобуслар ҳамда “Afruza Karavan Trans” МЧЖга тегишли 2014 йилда ишлаб чиқарилган 3 та “СПАРК” русумли автомашиналар белгиланган тартибда хатланиб, вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.
Ҳозирги кунда мазкур автотранспорт воситаларини реализация қилиш мақсадида “E-auksion” электрон савдо майдончаси орқали савдога чиқарилган.
Келгусида автотранспорт воситалари сотувидан тушган маблағлар ҳисобидан кредит қарздорлигини қоплаш чоралари кўрилади. Ҳозирда, қарздор МЧЖга тегишли гаровга қўйилган бошқа мол-мулкларни хатлаш борасидаги ижро ҳаракатлари давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА