Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан хорижий инвестиция ўзлаштириш, лойиҳаларни вақтида ишга тушириш ҳамда экспортбоп маҳсулотларни чет эл бозорига етказиб бериш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда ўтган йил 11.9 миллиард долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, натижа режага нисбатан 102 фоизни ташкил қилгани қайд этилди. Инвестиция дастурлари доирасида 6.2 миллиард долларлик 304 та йирик ва муҳим, 6.6 миллиард долларлик 12 382 та ўрта ва кичик лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 305.9 минг янги иш ўрни яратилди. Жойларда олиб борилган ишлар туфайли 2023 йилга мўлжалланган қиймати 38.6 миллион долларлик 125 та лойиҳа ишга туширилди, 1 200 янги иш ўрни ҳосил қилинди.
Қайд этилишича, саноат зоналари ҳудудида фаолият кўрсатаётган олти юздан зиёд корхона томонидан 29.4 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган, 673 миллион долларлик товар экспортга чиқарилган. 2022 йил 24-26 март кунлари бўлиб ўтган биринчи “Тошкент халқаро инвестиция форуми” якунида 7.8 миллиард долларлик аниқ шартнома ва инвестициявий битимлар пакети имзоланди. Шунингдек, қиймати 3.5 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
[gallery-11222]
Журналистларга экспорт кўрсаткичи ва ташқи иқтисодий алоқа йўналишида ҳамда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича олиб борилган ишлар хусусида ҳам батафсил маълумот берилди.
— Самарали музокаралар натижасида Ўзбекистон Европа Иттифоқи Умумлаштирилган имтиёзлар тизимидан “GSP+” бенефициар мақомини олди, – деди инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Ойбек Ҳамроев. – Натижада ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг мато, кийим-кечак ва пластмассадан тайёрланган буюмлари, жами 6 200 дан зиёд турдаги маҳсулотни Европа мамлакатлари бозорига чиқариш имкони пайдо бўлди. Ўзбекистоннинг “GSP+” дастурига қўшилиши орқали Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт миқдори 3 миллиард долларга етказилади.
Мазкур давлатларга минерал ўғитлар аралашмаси, тайёр тикувчилик маҳсулотлари, металл буюмлар, бўялган трикотаж мато каби 10 хил товар экспорти ўзлаштирилди.
Матбуот анжуманида жорий йил амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳа ва дастурлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Жумладан, халқаро тан олинган стандарт ва сертификат жорий этилган корхоналар сони 1 400 тага етказилиб, республикада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни ЕИ давлатлари талаби ва стандартига мослаштиришни жадаллаштириш мақсадида сертификация ва мувофиқликни баҳоловчи идоралар фаолияти самарадорлиги оширилади. Йил якунида ЕИ давлатларига экспорт кўрсаткичи 800 миллион долларга етказилиб, ўтган йилга нисбатан 2 баробар ўсиш таъминланади.
Қайд этилишича, 2023 йил 13.2 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестиция ўзлаштирилиши режалаштирилган. Жорий йил инвестиция дастурлари доирасида 304 та йирик ва муҳим лойиҳа, 9 465 та ўрта ва кичик лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 318.1 минг янги иш ўрни яратилади. Маълумки, олиб борилаётган ишларнинг мантиқий давоми сифатида апрель ойи сўнгида “II Тошкент халқаро инвестиция форуми” ўтказилиши режалаштирилган. Айни пайт ушбу тадбирни юқори даражада ўтказишга қаратилган ташкилий ишлар қизғин давом этяпти.
Гўзал Сатторова,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА