Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Булоқбоши тумани бўлими томонидан кредит маблағини ўзлаштирган шахслар аниқланди.
Бу "Халқ банки” Булоқбоши филиалининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда маълум бўлди.
“M.” фермер хўжалиги раҳбари М.И. ва бошқалар ушбу банк филиалидан ажратилган 1,4 миллиард сўм кредит эвазига “Н.” фермер хўжалигидан шартномада кўрсатилган 833 бош наслли эчкининг ўрнига, 253 бош маҳаллий эчкиларни харид қилиб, жами 1,2 миллиард сўм кредит маблағини талон-торож қилган.
Департаментнинг Қўрғонтепа тумани бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда ҳам шуундай ҳолат фош этилди.
“R.B.” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ш.У. ва бошқалар “Q.I” оилавий корхонасига ҳудудий тижорат банки филиалидан ажратилган кредит эвазига шартномада кўрсатилган инкубатор ускунасини етказиб бермасдан жами 720 миллион сўм кредит маблағининг ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан бошқа мақсадларда сарфлаб юборган.
Департамент матбуот хизматидан маълум қилишларича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА