-
– Элеанора ая, янги қарорни эшитдингизми, энди метрода бутунлай текин юраркансиз-а?
– Мен шундоғам метрода соат ўндан тўртгача бепул юрган эдим, – дейди ая ҳам берилган имкониятлардан фойдаланаётганини айтиб.
– Энди куннинг исталган вақтида текин юрасиз. Бу ҳақида Президент қарори чиқди, – дея бир-бирига хабарни улашади қўшнилар.
Бу гапдан 72 ёшли ая қувониб кетди, элга омонлик, юртга тинчлик сўраб, дуо қилди.
Халқимизда азалдан ёши улуғ инсонларнинг ҳурмати, қадри улуғланган. Уларнинг юзига табассум улашиш учун кўп нарса қилишнинг кераги йўқ. Озгина эътиборнинг ўзи етарли. Зеро, улар бор жойда тўкинлик, тинчлик ва осойишталик бўлади. Бирор эзгу ишга қўл урмоқчи бўлсак, аввало кексаларимизнинг фотиҳаларини олишга, панд-насиҳатларига амал қилишга ҳаракат қиламиз.
Мамлакатимизда кекса авлод вакилларининг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларга ҳурмат-эътибор ва меҳр-оқибат кўрсатиш, саломатлигини асраш, турмуш шароитини янада яхшилаш чоралари кўрилмоқда.
– Ота-онам етмишдан ошди, ўзим 47 ёшдаман, – дейди Ҳилола Халилова. – Ёши улуғларни ёшларга суянчиқ, устоз, ҳамдард, ҳамфикр, тўғри йўл кўрсатувчи, деб билишимиз керак. Улуғлар умримиз безагидир. Ёшимиз бир жойга борганда қилган меҳнатимизнинг қадр топиши катта бахт. Биз ислоҳотларда шуни кўряпмиз ва имкониятлардан фойдаланяпмиз.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизда ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” этиб белгиланган. Бу ҳам ёши улуғларга, нуронийларга кўрсатилаётган эҳтиромнинг амалий ифодасидир.
– Умр оқар дарёдек бир паста ўтиб кетар экан, – дейди 85 ёшни қоралаган Ҳамза бобо Менгтўраев. – Чаққон эдим, ўғилларга, қизларга келинларга қараб ўтирмай, уларни кутмай, кўчага чиқиб айланиб келаверардим. Энди саломатлигим тўғри келмайди. Аввалгидек куч-қувватим йўқ. Лекин кам бўлишмасин, маҳалла-кўй доим ҳолимдан хабар олади. Йўқлаб туради. Кексалик гаштини суряпман.
Бобо билан суҳбатда “Энди метрода юрса, йўлкира олинмаслигини эшитдингизми, янгиликлардан хабардормисиз”, деб сўрадик. Нуроний “Шаҳар йўловчи транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқим бор”, дейди мақтаниб.
Кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда пенсия олувчиларнинг ҳаёт фаолияти, турмуш даражасини янада яхшилаш, уларга шаҳар йўловчи ташиш транспортидан фойдаланишида қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 15 мартда “Тошкент метрополитенидан фойдаланишда пенсия олувчиларга қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатда 2023 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент метрополитени тўлиқ фаолияти давомида пенсия олувчиларга бепул хизмат кўрсатиши белгиланди.
2023 йил 1 апрель. Энг гавжум бўлган “Буюк ипак йўли” метро бекатидаги ёши улуғларнинг сўзини эшитдик.
– Узоқ йиллар ўқитувчи бўлиб ишладим, ҳозир пенсиядаман, – дейди Рамазон Пўлатов. – Пойтахтга тез-тез келиб тураман, набираларим шу ерда яшайди. Келганимда доим жамоат транспортларидан фойдаланаман. Ўғлим Олмазор туманида яшайди. Чирчиқда турадиган қизимни кўриб келиш учун йўлга отландим. Уйдан чиқаётганимда набирам “Бобо, метрога тушсангиз, бугундан пенсионарларга текин бўлди”, деб қолди. Мана, ҳозир метродан чиқдим, ростдан текин экан. Қарилик гаштини суряпман, биз кексалар доимо эътибор ва эъзоздамиз, пенсияни ҳам вақтида олиб турибмиз, ғамхўрлик кўрсатаётган, хайрли ишларнинг бошида турганлар омон бўлсин.
– Юлтимизда кексалар азалдан ҳурмат-эътиборда бўлган, – дейди Нурали Эшмирзаев. – Лекин ўн йиллар олдин пенсияни вақтида ололмай қолдик, мажбурий пластик карталарга ўтказилди, фоизларда ечиб олишга мажбур бўлдик. Шукрки, у кунлар ортда қолди. Ҳозир пенсия пулини истасак нақд, истасак пластик картада оляпмиз. Азалий қадриятларимиз бор бўйини кўрсата бошлади. Яқинда телевизорда янгилик эшитиб қолдим. Энди Президентимиз қарори асосида метрода пенсия дафтарчани кўрсатиб манзилимизга текин етиб олаверар эканмиз.
Бу биз кексаларни янаям қувонтирди. Йўлкирага сарфламайман, набираларимга ширинликлар олиб бераман.
– Бугунги ахборот асрида янгиликлар тез тарқалади, – дейди Фотима ая Муҳаммадиева. – Биз, пенсионерлар учун берилган имтиёзни эшитиб, хурсанд бўлдик. Келиним мени бир жойга олиб бориши керак эди, аммо ишга шошаётганди, унга “Боравер, ўзим етиб оламан”, дедим. Энди метрога тушяпман, бугун бу имкониятдан фойдаланиб кўраман.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 мартдаги “Тошкент метрополитенида пенсионерларни бепул ташиш тўғрисида”ги қарорига кўра, 2017 йилнинг март ойидан бери пенсионерлар учун Тошкент метросида юриш соат 10:00 дан 16:00 гача бепул эди.
Юртимизда кексаларни эъзозлашдек халқимизга хос бўлган қадрият азалдан элимизни бир-бирига жипслаштириб, одамлар орасида меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаб келмоқда.
Барно МЕЛИҚУЛОВА, ЎзА