Президент фармони билан 2023 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар ва туманларнинг марказларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилди.
Нима учун бу қарорга келинди? Автомобиллар тезлигини пасайтириш йўл-транспорт ҳодисаларини камайтирадими?
ЎзА мухбири ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти йўл ҳаракати хизмати йўл инфратузилмасини назорат қилиш бўлими бошлиғи, подполковник Бахтиёр Ғафуров билан шу ҳақда суҳбатлашди.
— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг маълумотларига кўра, дунё бўйича ҳар 24 сонияда 1 киши автоҳалокат туфайли вафот этади, — дейди Б.Ғафуров. - Уларнинг кўпчилиги ёшлар ва болалардир.
Автоҳалокатларнинг асосий сабаби – транспорт воситаларининг катта тезликда ҳаракатланишидир. Чунки катта тезликда бошқарувни йўқотиш, бошқа транспорт воситалари билан тўқнашув содир этиш ва пиёдани уриб юбориш эҳтимоли юқори.
2022 йилда мамлакатимиз ҳудудида 10 мингга яқин йўл˗транспорт ҳодисаси содир бўлган бўлса, уларнинг 16 фоизи ёки салкам 1,6 мингтаси транспорт воситасини юқори тезликда бошқариш оқибатида содир этилган.
Бундан ташқари, йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқишидаги иккиламчи сабаб - йўл инфратузилмасидаги носозликлардир. Ўтган йилда содир бўлган 1 минг 194 йўл транспорт ҳодисаси айнан ушбу ҳолат билан боғлиқ.
Демак, транспорт воситаларининг тезлигини пасайтирилиши ҳодисаларининг деярли 30 фоизининг олдини олиш имконияти яратилади.
— Автотранспорт воситалари ҳаракатининг тезлиги яна қандай салбий оқибатларни келтириб чиқаради?
— Автотранспорт воситасининг тезлиги қанчалик баланд бўлса, ҳайдовчига транспорт воситасини тўхтатиш шунчалик қийинчилик туғдиради. 50 км/соат тезликда ҳаракатланаётган автомобилни тормозлаш учун 13 м, 40 км/соат тезликда тормозлаш эса 8,5 м масофани талаб қилади.
Автотранспорт тезлигининг 1 км/соатга ошиши бахтсиз ҳодисалар хавфини 3 фоизга оширади.
Юқори тезлик автомобилдаги йўловчиларга ҳам таъсир қилади, албатта.
Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган тақдирда, 80 км/соат тезликда бўлган транспорт воситаси йўловчиларнинг ўлими хавфи 30 км/соат тезликдан 20 баравар юқори бўлади. Юқори тезликда ҳаракатланадиган транспорт воситаси пиёдалар ва велосипедчиларга ҳам салбий таъсир қилади.
Масалан, агар автомобиль 30 км/соат тезликда ҳаракатланса ва пиёда билан тўқнашиб кетган бўлса, пиёданинг омон қолиш эҳтимоли 90 фоиз бўлади. Лекин тезлик 45 км/соат бўлса, омон қолиш эҳтимоли 50 фоизга тушади. 80 км/соат ва ундан юқори тезликда пиёданинг омон қолиш имконияти йўқ.
Ҳайдовчининг тезлик режимини танлашда бир нечта омиллар таъсир қилади: ҳайдовчининг ўзига боғлиқ омиллар (ёши, тажовузкорлиги, мастлиги, автомобилдаги йўловчилар сони ва бошқалар)
Йўл ва транспорт воситалари билан боғлиқ муаммолар (йўл ҳолати, йўл хусусиятлари, транспорт воситасининг ўтказувчанлиги, максимал тезлик чегараси ва бошқалар). Транспорт оқими ва атроф-муҳит (зичлик тезлиги, оқим таркиби ва
об-ҳаво шароити)га ҳам бевосита боғлиқ.
— Бу борада халқаро амалиёт ўрганилдими?
— Албатта. Дунёнинг Австрия, Германия, Франция, Буюк Британия, Италия, Португалия, Туркия, Швеция каби ривожланган мамлакатларида аҳоли яшаш пунктларида транспорт воситаларининг юқори ҳаракатланиш тезлиги соатига 50 км этиб белгиланган.
Бундай тезлик инсонлар ҳаёти ва соғлигини асрашда муҳим ўрин эгаллаганлигини ҳисобга олиб, дунё тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 февралдаги фармонига асосан Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар ва туманларнинг марказларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилди.
— Тезликни пасайтириш одамларнинг қимматли вақти йўқотилишига, йўлларда тирбандликлар ҳосил бўлишига ҳам сабаб бўлади, деган фикрларга нима дейсиз?
— Инсон ҳаётини асраш – энг муҳими. Шу нуқтаи назардан транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлигининг аҳоли гавжум жойларда пасайтирилгани йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиши, кўплаб инсонлар ҳаётини асраб қолиши муқаррар.
Тирбандликлар кўпайиб бораётгани рост. Бунинг сабаби эса фақат тезлик билан боғлиқ эмас. Бу муаммони бартараф этиш бўйича йўллар ҳолати, инфратузилмаси билан боғлиқ ечимлар устида бош қотириш керак.
Норгул Абдураимова, ЎзА