Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 31 март куни Хоразм вилоятига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Урганч шаҳрида халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этиб, нутқ сўзлади.
– Бугун мана шу қадим ва табаррук заминда, муборак Рамазон ойида сиз, азиз юртдошларим билан кўришиб турганимдан ғоят мамнунман, – деди давлатимиз раҳбари. – Агар таҳлил қилсак, Хоразмда кўп нарсалар ўзгарди. Лекин замон шиддат билан ўтяпти, аҳолининг талаби ўсиб боряпти. Биз шунга муносиб ҳаракат қилишимиз керак. Шунинг учун ишимизни танқидий кўриб, катта-катта марралар олишимиз керак.
Йиғилиш аввалида Хоразм вилоятидаги ўзгаришлар қайд этиб ўтилди. Охирги олти йилда мактабгача таълим қамрови 22 фоиздан 79 фоизга етказилди. 131 та мактаб қурилди ва реконструкция қилинди. 580 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди.
Вилоятдаги 531 та маҳаллани обод қилишга қўшимча 1 триллион сўм, туман марказлари йўлларини таъмирлаш, пиёдалар йўлаги ва ёритгичларга 50 миллиард сўм ажратилган.
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишлари ҳам жадаллашган. Охирги беш йилда 9 минг 500 та хонадонли уйлар фойдаланишга топширилган. Бу хайрли ишларнинг давоми сифатида Урганч шаҳрида Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилиши бошланди.
Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатишда 1,5 миллиард долларлик 7 минг лойиҳа доирасида янги корхоналар ишга тушди. Бу орқали 50 минг янги доимий иш ўринлари яратилиб, 19 минг оила камбағалликдан чиқарилди.
Ишлаб чиқариш 1,5 бараварга кўпайди, саноат экспорти 190 миллион долларни ташкил этди. Айниқса, тўқимачилик, автомобилсозлик, озиқ-овқат, электротехника ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш 2 бараварга ўсди.
Лекин вилоятда иқтисодий имкониятлар бундан ҳам кўплиги, аҳолини қийнаётган кўплаб масалалар борлиги кўрсатиб ўтилди.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Давлатимиз раҳбари Хоразм вилояти ҳокими лавозимига Жўрабек Раҳимов номзодини тавсия этди.
Ж.Раҳимов 1981 йилда Хоразм вилоятида туғилган. Меҳнат фаолиятини Шовот туманида бошлаб, сўнгги йилларда Боғот ва Қўшкўпир туманлари ҳокими лавозимларида ишлаган. У ўтган йилнинг декабридан буён Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажариб келмоқда.
Давлатимиз раҳбари номзодни лавозимга тасдиқлашдан аввал унинг режаларини эшитишни таклиф этди. Жўрабек Раҳимов вилоятда тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш бўйича режаларини тақдимот қилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш чораларига биринчи навбатда эътибор қаратилди. Президентимиз айтилган таклифларни маъқуллаб, улар юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
Оилавий тадбиркорлик дастурлари учун берилган 940 миллиард сўмга қўшимча 100 миллиард сўм йўналтирилиши белгиланди. Янги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш орқали 57 минг, касаначиликда салоҳияти бор 240 та маҳаллада меҳнат қуроллари ва жой масаласини ҳал қилиб, 50 минг, ўзини-ўзи банд қилиш орқали 28 минг аҳоли бандлигини таъминлаш мумкинлиги айтилди.
Иккинчи муҳим вазифа – озиқ-овқат маҳсулотлари балансини таъминлаш. Шу мақсадда “Тошсоқа тизимидаги магистрал суғориш каналини тиклаш” лойиҳасининг иккинчи босқичи бошланади. Боғот, Шовот ва Янгибозор туманларидаги 2 минг гектарда узум, олма ва қовун плантациялари, Гурлан ва Боғотда агрологистика марказлари ташкил этилади. Паррандачилик, чорвачилик, сутни қайта ишлаш лойиҳалари амалга оширилади.
Маълумки, ҳар бир туманга камида 50 миллион доллар инвестиция жалб қилиш вазифаси қўйилган. Вилоят ҳокимлигига номзод бунинг эвазига туманларда қандай лойиҳалар мўлжаллангани ҳақида ахборот берди.
Давлатимиз раҳбари 14 та йирик саноат лойиҳаси инфратузилмаси учун қўшимча 100 миллиард сўм йўналтириш, Урганчда электротехника ва фармацевтика саноат парклари ташкил қилиш бўйича кўрсатма берди. 20 миллион доллар инвестиция эвазига “Damas” ва “Labo” автомашиналарини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш вазифаси қўйилди. Бу орқали 300 та янги иш ўрни яратилади.
Саноат корхоналари ва уй-жойларни электр энергияси билан таъминлаш чора-тадбирлари ҳам белгиланди.
Ижтимоий соҳани ривожлантириш, мактаб ва боғчалар барпо этиш, аҳолини уй-жой ва ичимлик суви билан таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президент мактабларда санитария ҳолатини яхшилаш, чет тили ва касбга ўргатиш хоналарини ташкил қилиш ҳамда 12 та IT-парк очиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Умуман олганда, Хоразмда ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга бу йилги давлат дастурларида кўзда тутилган 1,5 триллион сўмга қўшимча 400 миллиард сўм ажратилиши маълум қилинди. Бундан ташқари, аграр соҳа, ичимлик суви ва тадбиркорлик лойиҳаларига қўшимча 475 миллион доллар жалб қилиш бўйича топшириқ берилди.
Барча чора-тадбирлар орқали 365 минг аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаб, Хоразмни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш вазифаси қўйилди.
Тақдимотдан сўнг вилоят кенгаши депутатлари номзоднинг режалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ташкилий масала овозга қўйилди. Унинг натижаларига кўра, Жўрабек Раҳимов Хоразм вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.
– Бугун сизлар билан аҳоли ҳаётига дахлдор барча масалаларга тўхталиб, зарур маблағлар ажратдик, вилоятга янги ҳоким тасдиқладик. Эндиги вазифа – бутун Хоразм эли ҳоким атрофида жипслашиб, мутасаддилар фидойи ва ҳалол бўлиб, бугун айтилган режа ва ташаббусларни ҳаётга, аҳоли турмуш тарзига кўчириши керак, – деди Шавкат Мирзиёев сессия сўнггида.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг Хоразм филиалини бориб кўрди.
15 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига барпо этилган ушбу марказ йилига 4 минг 500 нафар ёшни ахборот технологиялари йўналишида ўқитиш ва IT хизматлар кўрсатиш қувватига эга. Бу ёшларнинг замонавий мутахассисликларни эгаллаб, ўз йўлини топишида муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, ушбу мажмуада ҳам 250 нафар йигит-қиз иш билан таъминланган.
Президентимизга IT-паркда амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берилди.
Бу ерда ўқув машғулотларини ташкил этиш ҳамда IT хизматларини экспорт қилиш учун барча зарур шароитлар яратилган. Мақсадлар ҳам шунга яраша, жорий йилда экспорт ҳажмини 3 миллион долларга етказиш кўзда тутилган.
Шу ернинг ўзида IT-парк резидентлари, ахборот технологиялари соҳасида фаолият олиб бораётган ёшлар билан мулоқот бўлди. Улар ўзларининг фаолиятлари ҳақида сўзлаб беришди.
Давлатимиз раҳбари ёшларнинг фикрларини эшитиб, таклифларини қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
Президентимиз Хоразм вилоятидаги “Янгибозор текстиль агрокластер” масъулияти чекланган жамиятининг тўқимачилик корхонаси фаолияти билан танишди.
Қиймати 13 миллиард сўмдан зиёд бўлган мазкур лойиҳа доирасида хориждан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. Йилига 5 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қуввати яратилган. Товарларнинг 65 фоизини экспортга йўналтириш мўлжалланган.
Бугунги кунда бу ерда 500 га яқин хотин-қизлар ишламоқда.
Шавкат Мирзиёев корхонадаги иш жараёни билан танишиш асносида улар билан суҳбатлашди. Хотин-қизлар чекка туманларга ҳам саноат кириб келаётгани, ўз уйи яқинида шундай замонавий корхонада ишлаётганидан мамнунлигини айтишди.
Шу ерда Хоразм вилоятидаги 6 та янги корхонани ишга тушириш маросими бўлди. Улар – Урганч шаҳридаги “Эко Оби ҳаёт” корхонаси томонидан гипсокартон маҳсулотлари, Урганч туманидаги “Закиров” хусусий корхонаси томонидан бурама мих, Хива гилами комбинатининг иккинчи босқичи, Боғот туманидаги “Коба текс” корхонаси томонидан тайёр газлама, Урганч туманидаги “Хорезм Солт Бизнес” корхонаси томонидан техник тузлар, Хонқа туманидаги “Хорезмтекс Фейшн” корхонаси томонидан тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларидир. Ушбу корхоналар вакиллари видеоалоқа орқали мажмуалар салоҳияти ҳақида ахборот берди.
Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, ушбу янги корхоналарни ишга туширди.
Давлатимиз раҳбари Янгибозор туманидаги “Хоразм фахри” уруғчилик кластери даласида ҳам бўлди.
Бу кластернинг умумий ер майдони 286 гектар. Шундан 147 гектарида ғалла, 122 гектарида пахта етиштирилмоқда. 45 киши доимий иш билан таъминланган.
Давлатимиз раҳбари экинлар ривожини кўздан кечирди. Ғалла ва ғўзанинг нави, мевали дарахтлар ҳосилдорлиги билан қизиқди.
Маълумки, Хоразм сув тақчил ҳудуд саналади. Шунинг учун деҳқончиликда сув тежовчи технологиялардан фойдаланишга ҳаракат қилинмоқда. Ғалла майдонининг бир қисмида ёмғирлатиб суғориш, олма кўчатлари қадалган янги боғ ораларига эса сабзи, пиёз, шолғом каби қишлоқ хўжалиги экинлари экиш йўлга қўйилган.
Президент бундай омилкорликни бошқаларга ҳам ўргатиш кераклигини таъкидлади.
Мамлакатимизда ғалладан бўшаган майдонлар такрорий экин экиш учун ишсиз аҳолига бўлиб берилмоқда. “Хоразм фахри” уруғчилик кластерида ҳам 80 нафар аҳолига 30 сотихдан сабзавот экиш учун ер берилган. Бу йил яна 26 нафар кишига ер ажратилиши кўзда тутилган.
Президент шу ерда қишлоқ хўжалиги ходимлари, фермер ва деҳқон хўжаликлари вакиллари билан суҳбатлашди. Хоразмнинг тупроғига мос экинлар етиштириш, қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи якунланди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Аҳмаджон ШОКИРОВ,
ЎзА мухбирлари