Сўнгги йилларда энергетика соҳасида бир қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Пойтахтимиз ҳудудидаги Тошкент иссиқлик электр марказидаги умумий қиймати 109,243 миллион АҚШ долларига тенг инвестиция лойиҳаси шулардан биридир.
Айни пайтда мазкур лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар хусусида Тошкент иссиқлик электр маркази муҳандиси Саидкомил Саидмуродов ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.
- Пойтахтимиз ҳудудидаги Тошкент иссиқлик электр марказида умумий қиймати 109,243 миллион АҚШ долларига тенг инвестиция лойиҳаси доирасида 2024 йилга қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилаётган ҳар бирининг қуввати 32 МВт бўлган иккита газ турбинаси қурилмасини бунёд этиш ишлари давом этмоқда,- деди С. Саидмуродов. - Туркиянинг “Çalik Enerji” компанияси пудратчилиги асосида амалга оширилаётган лойиҳа 2024 йилнинг биринчи чорагига қадар ишга туширилиши белгиланган. Айни пайтда қурилиш майдончасида жами 116 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда.
Ҳозирда, операторлик биносининг иккинчи қаватида қурилиш–монтаж ишларининг сўнгги босқичи якунланмоқда. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида, марказ томонидан йилига қўшимча 515,6 миллион кВт•соат электр ва 690,3 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади, бунда юқори тежамкор замонавий технологиялар эвазига йилига 219 минг куб метр табиий газ иқтисод қилинади. Атроф муҳитга чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар 200,5 тоннага камайишига эришилади.
[gallery-11230]
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилмоқда.
Корхонада шунингдек, Президентимиз томонидан муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, ўз эҳтиёжи учун зарур бўладиган электр энергиясини қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан қоплаш бўйича берган қатор топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, марказда қуввати 505,6 кВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилмоқда.
Айни кунларда қуёш панелларини тўлиқ ўрнатиш ва монтаж ишлари якунланиб, ишга туширилиши бўйича синов-созлаш ишлари бошлаб юборилган. Мазкур станция фойдаланишга топширилгач, йилига 1 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бунинг натижасида йилига 100 минг метр куб табиий газ иқтисод қилинишига эришилади.
Шунингдек, марказда инвестиция лойиҳасини амалга ошириш билан бир қаторда, Президентимиз қарори ижросига асосан2022 йилда корхонанинг бино ва иншоотларини иссиқлик энергиялари билан таъминлаш мақсадида умумий сиғими 3400 литр бўлган жами 17 та қуёш сув иситиш қурилмалари ўрнатилган бўлиб, йилига 78 Гкал иссиқлик энергияси иқтисод қилинмоқда.
Олиб борилаётган бу каби ислоҳотларни кенг оммага етказиш мақсадида "Иссиқлик электр станциялари" АЖ ва марказимиз томонидан ташкил этилган пресс-турда оммавий ахборот воситалари ходимларига батафсил маълумот бердик. Улар мутахассислар билан суҳбатда бўлиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди