Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 1 февраль куни Андижон вилоятига ташрифи доирасида Янги Андижон шаҳрида ўтказилган йиғилишда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, бу борада зарур шароитлар яратиш бўйича қатор вазифалар белгилаб берган, ишбилармон ҳамда меҳнатсевар одамлар юрти бўлган Андижонни ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш мумкинлигини алоҳида таъкидлаган эди.
Айни кунда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ана шу вазифалардан келиб чиқиб, ишсиз, доимий даромадга эга бўлмаган аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган зарур ишлар олиб борилмоқда.
Андижон шаҳридаги Мономарказда шаҳар ҳокими Ғофуржон Абдураҳмонов, сектор раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тадбиркорлик қилиш истагидаги, ишсиз, эҳтиёжманд 94 нафар хотин-қизга ҳоким ёрдамчилари тавсияси билан субсидия асосида тикув машиналари топширилиши ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди.
- Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал этиш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, айниқса, бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, - дейди Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Наргиза Улуғбекова. – Бу борада Андижон шаҳрида ҳам изчил ва тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, субсидия асосида тикув машиналарининг берилиши билан кўплаб эҳтиёжманд опа-сингилларимизнинг бандлиги таъминланди, уларнинг доимий даромад манбаи шакллантирилди.
Андижон шаҳри маҳаллаларида “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш бўйича эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, субсидия асосида тикув машиналари олиб, ўз хонадонида тикувчилик фаолияти билан шуғулланаётган аёллар сафи тобора ортиб бормоқда.
- Чеварликни ўрганганман, лекин тикув машинам йўқлиги учун бу иш билан шуғуллана олмаётган эдим, - дейди Боғишамол маҳалласида яшовчи Ҳилолахон Каримова. – Ишсизлигим боис, шароит, имконият ва қизиқишларимизни ўрганган мутасаддилардан тикув машинаси сотиб олишимга кўмаклашишларини сўраган эдим. Кўп ўтмасдан нафақат менга, мен каби кўплаб аёлларга тикув машиналари берилди. Энди хонадонимда тикувчилик билан шуғулланиб, даромад топиш имконига эга бўлдим.
Андижон шаҳрида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, айниқса, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”да турувчи эҳтиёжманд аёл ва қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг даромад манбаини шакллантиришга қаратилган юқоридаги каби ишлар давом этмоқда.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА