“Hilton Tashkent” меҳмонхонасида “Рақамли тўқимачилик: IT ечимлари орқали тўқимачилик саноатини ривожлантириш” мавзусида форум бўлиб ўтди.
Унда айтиб ўтилганидек, ҳозирги вақтда бутун дунёда рақамлаштириш жараёнлари давом эттирилмоқда. Бу тўқимачилик саноатини ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шундан келиб чиқиб, тўқимачилик саноати ҳозирги кунда 1 триллион доллардан ортиқ бўлган жаҳон саноатида муҳим роль ўйнаётганини ҳисобга олинса, жаҳон бозорида рақобатбардош ва долзарб бўлиб қолиш учун рақамли ечимлар ва янги технологияларни жорий этиш долзарб вазифадир.
Форумда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Мирмуҳсин Султонов мавзу доирасида тақдимот қилар экан, унда тўқимачилик саноатини ривожлантиришнинг янги рақамли стратегиясида белгиланган чораларга тўхталиб ўтди.
– Хусусан, бунда барқарорлик, кузатувчанлик ва шаффофлик кафолати, янги етказиб бериш марказига айланиши, глобаллашувни жадаллаштириш, диверсификацияни ошириш, шу жумладан, хомашё ва чиқиндиларни қайта ишлаш ривожланишнинг асосий йўналишлари сифатида белгиланди. Ушбу йўналишларга, илғор рақамли технологияларга инвестициялар киритиш, сунъий интеллект ва кузатувчанлик тизимларини жорий этиш, IT тизимларини модернизация қилиш, янги электрон платформаларни яратиш, саноатда углерод изини камайтириш ва барқарор ривожланишни рағбатлантириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси бундай форумни ўтказиш билан рақамлаштириш маҳсули бўлган “Ягона ойна” тизими орқали ўз фаолиятини консалтинг хизматларини кўрсатиш йўлига трансформация қилишни маълум қилади. Уюшма, шунингдек, ишлаб чиқариш форматлари ўзгартирувчи, тежамкор моделлардан ақлли ишлаб чиқаришга, рақамли фабрикаларга, сўнгги фойдаланувчи манфаатларига мослаштирилган маҳсулот яратишга, IT технологияларидан фойдаланиш ва ҳоказолар бўйича лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва тарғиб қилади, – деди М.Султонов.
[gallery-11208]
Форумда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг янги 1fintex.uz, uzbtextile.uz ва “Textile Makon” лойиҳаларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Лойиҳаларнинг аҳамияти шундаки, улар янги босқичга ўтишни, яъни рақамли трансформация, электрон тўқимачилигини яратиш имкониятини таъминлайди.
Унда “LendingStar” компанияси бошқаруви раиси Султон Маренов ўзи асос солган 1fintex.uz лойиҳасининг моҳияти ва афзалликлари ҳақида гапириб берди.
– 1fintex.uz лойиҳаси молиявий платформа бўлиб, унда кичик бизнес пул воситалари эвазига дебиторлик қарзларини сотиши мумкин, – деди С. Маренов. – Ушбу платформада экспортёр корхоналар инвойсларини онлайн тарзда савдога қўйиш, инвесторларни жалб қилиш, дисконт билан сотиш, 3-5 кунда маблағларни олиш, ўз пул тушумларини олдиндан режалаштириш имконини беради. Ривожланган давлатларда бундай механизмлар асосида молиялаштириш анъанавий банк кредитлар ўрнини эгаллаб, катта мавқега эга бўлиб бормоқда. Бундай механизмлар корхоналарга тез муддатларда гаровсиз айланма маблағларини олиш, пул тушумларини режалаштириш имконини беради.
Ўз навбатида, Uzbtextile.com лойиҳаси ҳам рақамли тўқимачилик ривожлантиришда аҳамиятлидир. Лойиҳа тўқимачилик В2В савдо платформаси ҳисобланади. У бутун дунёдаги харидорларнинг ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини етказиб берувчилар билан мулоқотини соддалаштиришга, давлат ҳамда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига экспорт режаларини амалга оширишда қўл келади. “Textile Макон” лойиҳаси эса тўқимачилик саноатини ва соҳа корхоналарини ривожлантириш учун кенг кўламли медиа, маркетинг, брендинг ва PR хизматларини таклиф қилувчи ягона медиа-марказни ўзида намоён этади.
Форум якунида иштирокчилар мавзу ва тақдим этилган лойиҳалар юазасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири