Сирдарёда 8-Сирдарё округ комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Комиссия раиси П.Ахмеджанова бошқарган тадбирда референдум ўтказувчи участкаларни тузиш масаласи кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикаси Референдуми тўғрисида" ги қонунида Референдум участкалари туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг, ҳарбий қисмларда қисмлар ёки ҳарбий қўшилмалар командирларининг тақдимномасига биноан референдум ўтказувчи округ комиссиялари томонидан тузилиши белгилаб қўйилган.
Референдум участкалари туманлар, шаҳарлар, шаҳарлардаги туманларнинг чегаралари инобатга олиниб, референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга кўпроқ қулайлик яратиш учун тузилиши белгиланган. Шунингдек, ҳарбий қисмлар, касалхона ва санаторийлар, бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, бориш қийин бўлган узоқ ҳудудлардаги аҳоли пунктларида ҳам ташкил этилади.
Шунга кўра, тақдим этилган тақдимномалар асосида вилоятда 287 та референдум участкаси ташкил этишга қарор қилинди.
Округ ҳудудидаги референдум участкаларининг 207 таси умумий ўрта таълим мактабларида, 23 таси коллеж, лицей ва техникумларда, 5 таси маҳалла фуқаролар йиғинларида, 5 таси тиббиёт муассасалари, санаторий ва дам олиш масканларида, 2 таси олий ўқув юртлари биноларида, 9 таси давлатга қарашли корхона ва ташкилотларда, 4 таси адлия, давлат хизматлари, 28 таси маданият ва спорт марказларида, 4 таси ҳарбий қисм ва озодликдан маҳрум этиш муассасаларига қарашли биноларида фаолият юритади.
Участкалар рўйхати вилоятдаги оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Йиғилишда округ фаолияти билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ш.Суяров, ЎзА