«Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг қатор моддалари инсон қадрини улуғлашга, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Хусусан, янгиланаётган Конституциямизнинг 31-моддасида фуқароларнинг шахсий ҳамда уй-жой дахлсизлигига оид нормалар ўз ифодасини топган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зафар Худойбердиев қуйидагиларни таъкидлади:
– Янгиланаётган Конституциямизнинг 31-моддасида фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиши, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканлиги, шунингдек, уй-жой дахлсизлиги каби ҳуқуқлари ўз ифодасини топган.
Шуни таъкидлаш жоизки, бу ҳуқуқлар амалдаги Конституциямизнинг 25- ва 27-моддаларида ҳам бор эди. Янгиланаётган Қонунимизда эса бу борадаги ҳуқуқлар битта моддада жамланмоқда ҳамда уларнинг ишлаш механизмлари ҳам очиб берилмоқда.
Шунингдек, мазкур моддага кўра, ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамланмоқда.
Бугунги давр, рақамли технологияларнинг ривожи фуқароларнинг шахсий маълумотлари, ёзишмаларини ҳимоя қилиш заруриятини юзага келтирмоқда. Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 30 миллиондан ортиқ фуқаролар мобил алоқалардан фойдаланмоқда. Бу мобил воситаларда шахсларнинг шахсий, оилавий маълумотлари, ўзаро ёзишмалари сақланади.
Янгиланаётган Конституциямизда шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши, хабарлари сир сақланиши каби ҳуқуқларнинг мустаҳкамланаётгани инсонни обрўсизлантирадиган, шаънига путур етказадиган ҳолатларда унинг шахсий маълумотларидан ғайриқонуний тарзда фойдаланишга чек қўяди. Хоҳ ёзишма, хоҳ сўзлашувлар бўлсин, шахснинг розилигисиз уларни тарқатиш чекланади.
Яна бир масала – яқин-яқингача фуқаролар томонидан «снос»лар билан боғлиқ муаммолар, уларни мулк ҳуқуқидан маҳрум қилиш, турар- жойларини ноқонуний тарзда бузиш ҳолатлари юзасидан эътирозлар билдирилар эди. Эндиликда, мазкур моддада уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқи ҳам мустаҳкамлаб қўйилмоқдаки, бу каби муаммоларга ечим бўлади. Яъни, ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмаслиги, уй-жойга киришга, шунингдек, кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилиши белгиланмоқда. Уй-жойда тинтув ўтказишга ҳам фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Таъкидлаш жоизки, бу каби конституцион нормалар фуқароларнинг шахсий ҳамда уй-жой дахлсизлиги ҳимоя қилинишини таъминлайди.
ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова ёзиб олди.