Ижтимоий тармоқларда «Вазирлик ва идоралар ходимларининг Меҳнат шартномаларини бекор қилиш жараёнлари вақтинчалик тўхтатилиши ва огоҳлантириш муддатларини узайтириш» каби мазмунда хабарлар тарқалди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг изоҳ беришича, Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги ҳамда 2023 йил 25 январдаги тегишли фармонлари билан маъмурий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу ислоҳотлар давомида штат бирликлари қисқартирилган ходимларни иш берувчи томонидан ишга жойлаштириш чораларини кўриши белгиланган.
Ҳозирги кунда штат бирликлари қисқартирилган ходимларга меҳнат шартномасини бекор қилиш юзасидан огоҳлантириш хатлари берилган. Меҳнат кодексининг 102-моддаси талабларидан келиб чиқиб, огоҳлантириш муддатларини узайтириш иш берувчининг ҳуқуқи ҳисобланади.
Aмалдаги Меҳнат кодексининг 100-моддаси биринчи қисми 1-бандида огоҳлантириш муддати камида икки ой олдин берилиши кераклиги белгиланган. Шунга кўра иш берувчи томонидан ушбу огоҳлантириш муддатини узайтириш қонуний ҳисобланади.
Бу жараён ходимга огоҳлантириш муддати узайтирилганлиги маълум қилинган хат (хабарнома) тақдим этиш орқали амалга оширилиши тавсия этилади. Белгиланган муддатларда ишга жойлаша олмаган ходимларнинг огоҳлантириш муддатини узайтириш уларга ўзига мақбул иш ўрни топишида имконият яратади.
Бундан ташқари, иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимларнинг ишдан бўшатилиши тўғри расмийлаштирилганини, етарли асослар мавжудлиги ва белгиланган тартибга риоя этилганини қайта кўриб чиқишни тавсия этамиз, дейилади вазирлик изоҳида.
Aмалдаги Меҳнат Кодексининг 92-моддасига кўра, штатлар сони қисқартирилган иш берувчи ходимни ишга жойлаштириш чораларини кўриши шарт. Ушбу талабга риоя етилмаган тақдирда ноқонуний ишдан бўшатиш ҳисобланади.
ЎзА