Кўз ўнгимиздаги ўзгаришлар

Хизмат сафари билан Қорақалпоғистонга йўл олдик. Ниятимиз — кўнгилсиз воқеалардан кейинги ҳаёт, одамлар ўй-фикрлари, қарашлари, яшаш тарзи билан танишиш. Мақсадимиз — Орол бўйларида табиат ва инсон ўртасида бузилган мувозанатнинг оқибатлари, бир авлод ҳаёти давомида содир бўлган улкан экологик фожианинг асоратларини ўз кўзимиз билан кўриб, қаламга олиш...

***

Дастлаб Нукус кўчаларини айландик. Тинч ва осуда ҳаёт. Турфа сиймолар, турфа қарашлар. Кимдир оҳиста, кимдир сокин, яна кимдир шиддат билан турмуш ташвишлари ичида сузиб юрибди.

 “Халқнинг қандай яшаётганини билмоқчи бўлсанг, унинг бозорини бориб кўр”, деган нақлга амал қилиб, бозор айланамиз. Қорақалпоқ халқининг фазилатига хос бўлган жўмард, мард ва тўғри сўз инсонлар билан дийдорлашдик. Уларни суҳбатга чорладик.

— Сизларни қандай ташвишлар қийнайди, бу ерларда яшаш қийин эмасми? – қитмирлик қилиб саволга тутамиз.

— Ҳаммаси жойида, газимиз бор, чироғимиз бор, бозоримиз тўкин. Бизга яна нима керак?! – дея дангал жавоб қайтарди Довудбой деб ўзини танитган оға. — Юртингда тинчлик бўлса ҳаётингга мазмун киради. Қорақалпоқ халқи тинчликни асрагувчи эл.

— Бу саволларимизни яна бир нечта қорақалпоқ яқинларимизга бериб, суҳбатини олдик. Деярли барчанинг тилидан шукроналик тушмайди. Бу эл одамлари қиш ойларида ҳам  электр таъминотида узилиш бўлмагани, иситиш тизимлари, газнинг яхши экани, бозорларнинг тўкинлиги ҳақида оғиз кўпиртириб гапиради. Ҳайрон қоласан киши.

— Турлича тасаввур ва турфа ўй-фикр билан Қорақалпоқистонга келган биз каби журналистлар учун бу ҳол чиндан-да ҳайратланарли...

— Агар шу савол бошқа ҳудудлар аҳолисига берилса, нима деб жавоб берар экан?!

Нукусликларнинг жавобларини тинглаб, ҳамкасбим “Тошкентдан Қорақалпоққа кўчиб келиб, яшаймизми?” дея ҳазиллашади.

***

Нукус–Мўйноқ йўли. Йўл юрамиз. Бир хилликка ўрганган шаҳар ҳавосида инсон табиати ҳайрат деган туйғуни баъзан унутаёзади. Тинимсиз шамолдан жунжикамиз. “Бу ерларда қандай яшаш мумкин?”. Кеккайган, димоғдор бу ҳаёлга келадиган илк фикр шу. Бундай иқлимга ўрганмаган вужуд эса ўзини ҳимоя қилишни истайди. Бироқ фусункор кенгликлардан кўзингизни уза олмайсиз.

Нукус — Хўжайли — Қўнғирот — Мўйноқ.

Бепоён кенглик, машина тизгинсиз қумликлар оша елдек учиб бормоқда. Узоқ-узоқлардан аҳён-аҳёнда чўпон-чўлиқларнинг ўтовлари, юлғунзорларга уланиб кетган яйдоқ далалар кўзга ташланади. Қум барханлари билан қопланган сарҳадсиз кенглик шундай ҳайратомуз жозиба ва гўзаллик касб этганки, табиатнинг мўъжизакор қудратига лол қоласиз. Кўз ўнгингда поёнсиз ва сукунатга чўмган саҳро мозийнинг ўқилмаган саҳифаларидан нималарнидир сўзламоқчидек бўлаверади.

***

Нукусдан Мўйноққача енгил автомашинада икки соатдан ошиқроқ вақт атрофида етиб бориш мумкин. Халқнинг шунчалик узоқ жойдан қўним топганини тушунса бўлади. Бир неча асрлардан буён Орол денгизидан балиқ овлаб тирикчилик қилган одамлар қаҳатчилик, очарчиликлардан омон қолган. Бундан 40-50 йил илгари ҳам маҳаллий аҳоли фарзандлари ёз кунларида денгизнинг шунчалик яқинлигидан югуриб бориб чўмилиб келишган. Денгиз – бу элнинг турмуш тарзини белгилаган. Одамларнинг орзулари ўйлари, қисмати у билан бирлашиб кетган. 

[gallery-11178]

Ҳар дақиқада қирғоққа келадиган ҳайбатли кемалар... Тун-у кун сувдан чиқмай, қуруқлик кўрмай балиқ овлаётган ота-ю оғалар..., Денгизга қараб орзуларини айтаётган қиз-жувонлар...

Бундай жўшқин ҳаёт — жуда узоқ бўлмаган ўтмиш бугунги кун авлоди учун худди эртакдек.

Ҳозир эса Орол денгизининг сувини кўриш учун бир неча юзлаб километр масофани босиб ўтишга тўғри келади. Пишқирган денгиз ўрнини жонсиз саҳро, қум тўзонлар эгаллаганига ишонгинг келмайди. 

Саёҳатимиздан бироз аввалроқ академик, Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими раиси Нағмет АИМБЕТОВ билан суҳбатимизда оролшунос олим:

— Орол денгизи майдони 1960 йилгача 6,6 млн. гектар эди. Айни пайтда, 5,5 млн. гектар майдонни қурғоқчилик эгаллаб, Оролқум саҳроси пайдо бўлди. Денгиз қуриши ва шўрланишнинг тезлашуви оқибатида сўнгги йилларда 50 минг гектарга яқин экин майдони қишлоқ хўжалигида фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолди. 

Бу ҳолат бугунги кунда нафақат Марказий Осиё минтақасининг, балки бутун дунё халқларининг ҳам муаммосига айланди. Шу боис ҳамжиҳатликда экинзорлар учун сув ресурсларидан унумли фойдаланиш технологияларини ишлаб чиқиш зарур, акс ҳолда, ушбу жараён давом этаверади. Тўғри, экология таъсирини юмшатиш борасида юртимизда кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Қурғоқчилик эгаллаган жойларга уруғ сепиш, ниҳол ўтқазиш орқали саксовуллар ва табиий черкез, эфедра (қизилча) ўсимликлари кўпайиб бормоқда. Қувонарлиси шуки, айрим жойларда юлғинлар табиий ўсаётганини кўрасиз, лекин улар ҳали жуда кам, – деди олим.

Нағмет Аимбетовнинг маълумотига кўра, айни пайтда Орол денгизи бўйи ҳудудларидан дунёда ноёб ҳисобланган артемия систаси йиғиб олинмоқда экан. Бу систалар қимматбаҳо хомашё сифатида экспорт қилинмоқда. Ўтган давр мобайнида артемия систаси Хитой, Вьетнам каби кўплаб мамлакатларга етказиб берилган ва бу иш давом этмоқда. Ҳозирги вақтда мазкур ноёб маҳсулотни Европа Иттифоқи давлатларига экспорт қилиш  устида ишланмоқда.

Артемия систасининг ноёблиги шундаки, у бутун дунёда косметология соҳасида энг бебаҳо маҳсулот ҳисобланади. Табиий равишда терининг иммунитетини мустаҳкамлайди. Дунёда артемия систасидан олинган препаратлар қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва косметологияда кенг қўлланилади.

***

Бугунги кунда Орол денгизининг катта қисми қум-туз саҳросига айланган. Олимларнинг таъкидлашича, ҳар йили атмосферага қуриб бораётган денгиз тубидан 75 миллион тоннадан зиёд чанг ва заҳарли тузлар кўтарилиб, 400 километрли майдон бўйлаб тарқалаётир. Ҳудуднинг ғарбдан шарқ томонга эсадиган кучли ҳаво оқими йўлида жойлашгани ва бу аэрозолларнинг атмосфера юқори қатламларига кўтарилишига ёрдам бераётгани атроф-муҳит ифлосланиши оқибатларини янада кучайтирмоқда. Тадқиқотчилар эса ушбу ҳудуддан кўтарилган туз заррачаларини Европа ва ҳатто Шимолий муз океанидан топишган.

Денгизнинг ҳалокатга учраши табиатга катта зарар етказмоқда. Минтақада ҳайвонот ва наботот олами генофондининг деярли ярмидан кўпи, яъни балиқларнинг 11 та, сут эмизувчиларнинг 12 та, қушларнинг 26 та ва ўсимликнинг 11 та тури йўқ бўлиб кетди.

Сув ресурсларининг танқислиги ичимлик суви сифатининг пасайиши, ернинг ифлосланиши ва яроқсиз ҳолга келиши, биологик хилма-хилликнинг кескин камайиб кетишига олиб келди. Аҳоли саломатлиги ва генофондининг ёмонлашуви, иқлим ўзгаришлари, эҳтимол, шу билан боғлиқ равишда минтақа асосий дарёлари оқимининг катта қисми ҳосил бўладиган Помир ва Тянь-Шань музликлари майдонининг қисқариб бориши — буларнинг барчаси Орол денгизининг ҳалокати натижасида юзага келаётган муаммоларнинг бир қисми, холос.

Бу собиқ тоталитар тузум даврида минтақа аҳолиси манфаатлари ҳамда табиат билан ҳисоблашмай олиб борилган кўр-кўрона сиёсат оқибати.

***

Хўш, бугун аҳвол қандай? Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, муаммо кўламининг олдини олиш самара бераяптими? Ҳақли саволлар туғилаверади. 

Яқинда, яъни шу йилнинг 22-24 март кунлари Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош қароргоҳида Сув масалалари бўйича тарихий конференция бўлиб ўтди. Конференцияда тузилмага аъзо 198 мамлакат қаторида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.

Мамлакатимиз делегацияси аъзоси Саида Мирзиёева унда нутқ сўзлаб, БМТ минбаридан Орол денгизи фожиасининг оқибатлари, уларни юмшатиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ва бу борадаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда мамлакатимизнинг етакчилиги хусусида сўз юритди.

Оролбўйидаги Мўйноқ илгари йирик ишлаб чиқариш қувватларига эга порт шаҳар бўлгани, кейинчалик мувозанат бузилиб, денгизнинг ўлик қирғоқлари кемалар қабристонига айланганини таъкидлади.

– Орол денгизининг инқирози инсониятнинг атроф-муҳитга эътиборсизлиги оқибатлари ҳақида даҳшатли эслатмадир. Бироқ, ғамхўр одамларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли у яна умид ва янгиланиш рамзига айланмоқда, деди С.Мирзиёева.

Дарвоқе, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳар доим халқаро нуфузли анжуманларда, ҳар гал Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олий даражадаги йиғилишларида иштирок этар экан, айнан шу Орол муаммосини кўтарди ва бу йўналишда муҳим ташаббусларни илгари суриб, дунё ҳамжамияти эътиборини минтақага қаратди.

Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар халқаро даражада қўллаб-қувватланиб, 2018 йилда Оролбўйи минтақаси учун инсонлар хавфсизлиги бўйича кўп шериклик асосидаги Траст фонди фаолият бошлади.

Ўзбекистон раҳбари саъй ҳаракатлари сабаб 2021 йилда БМТ Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. 

Катта ташаббуслар эвазига Орол денгизининг қуриган тубини “Яшил ҳудуд”га айлантириш лойиҳаси бошлаб юборилди.

Республиканинг барча ҳудудидан юзлаб махсус техникалар, авиация жалб этилди. Хусусан, 2018-2021 йиллар мобайнида катта ўрмонзорлар барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди. Натижада, денгизнинг қуриган тубида 1,7 млн гектар майдонда саксовул, черкез, қандим каби шўрга ва қурғоқчиликка чидамли ўсимликлардан иборат “яшил қопламалар” барпо этилди.

Табиат ресурслари вазирлигининг маълумотларига кўра, 2022 йилда 107 минг гектар майдонга саксовул ва бошқа чўл ўсимликлари экилган. 

Кўкаламзорлаштириш ишлари учун 635 нафар ишчи-ходим, 250 та юқори унумли трактор ва 2 та кичик авиация (АН-2) жалб этилган.

Жорий 2023 йилда эса 100 минг гектар майдонда ана шундай ҳимоя ўрмонзорлари ҳисобланувчи “яшил қопламалар” барпо этиш режалаштирилган. Бунинг учун 420 тонна саксовул, қандим, қорабуроқ каби чўл ўсимликларининг уруғлари жамғарилади. 100 гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан ниҳолхоналар ташкил этиш мақсад қилинган. 

***

...Йўлимизда давом этиб, атрофга назар ташлаймиз. Маҳаллий аҳолининг айтишича, бундан бир неча йиллар муқаддам Қўнғиротдан ўтгандан кейин фақат чексиз саҳро кўзга ташланар экан. Бугун эса тамомила ўзгача манзара. Янги давр нафаси бу узоқ ўлкаларда ҳам бутунлай янгиланиш даврини бошлаб берган. Мўйноққа яқинлашган сайин, буни сиз ҳам ҳис қила бошлайсиз. Яшиллик, бунёдкорлик ишлари бўй кўрсатади. Намунали уй-жойлар, замонавий таълим муассасалари, шифохоналар, маданият масканлари кўзни қувонтиради. Кимдир экин экмоқда, кимдир дарахт кўчатларини ўтқазаётир. Ҳар қадамда янги ишлаб чиқариш цехлари, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари...

Катта бир саҳро орасидан гўё бир ғаройиб замонавий масканга кириб келаётгандек бўласиз. Мамлакатнинг энг узоқ ўлкаси, оғир ва олис замин. Бу диёрдаги қайноқ ҳаётни, ўзгариш ва янгиланишларни кузатиб, Мўйноқ шунчаки ташлаб қўйилмаган, аксинча, бутун мамлакатнинг эътиборидаги гўша эканига ишонасан...

Мўйноқ маркази — бу ерда ҳам янгиланишлар, бунёдкорлик авжида. Янги, замонавий иморатлар, кўплаб тадбиркорлик субъектлари, спорт майдончаларининг қурилганини, бунёдкорликлар давом этаётганини кўриб дилингиз яйрайди. Мўйноқ туманини комплекс ривожлантириш дастури асосида янгидан элликка яқин ижтимоий соҳа объектида бунёдкорлик ишлари бажарилди. Амфитеатр, маданият саройи, спорт комплекси, Ёшлар маркази каби мажмуалар ва кўп қаватли турар-жойлар қурилди. Марказий кўчалардаги йўллар таъмирланган, электр энергияси, ичимлик суви ва табиий газ тармоқлари янгиланди. 

Кўчаларни кезиб ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам содда ва жўмард халқнинг анъанасига айланиб бораётганига амин бўласиз.

Мўйноқда аҳолининг аксарият қисми яратувчанлик билан банд. Одамларнинг ҳаётдан умидлари катта. Улар яшаётган жой экологик оғир ҳудуд бўлса-да, маҳаллий аҳолининг олдига қўйган катта мақсадларидан, ҳаракатларидан келажакка улкан ишонч билан қараётганини пайқаш мушкул эмас.

***

Бизга боболарнинг суҳбати қизиқ туюлди. Кўпни кўрган, ҳаётнинг бор аччиқ чучугини тотган нуронийлар дилидаги гапни айта олади. Йўқни йўқ, ёмонни ёмон, дейишдан ҳайиқмайди. Отахонлар билан Оролдан қолган ёдгорлик “Кемалар қабристони”га бордик. Бу инсонларнинг узундан узун, аммо мароқли ҳикоялари, бир китобга ҳам сиғмас дардлари бор. 

— Бир пайтлар мана шу жойларда денгиз пишқириб кўпирарди, болам, – дейди сарҳадсиз кенгликларга тикилиб неларнидир хаёлидан ўтказаётган 80 ёшли Алмаз ота Тубашев.  Орол овулдан кетди, унга қўшилиб балиқлар кетди. Одамлар ҳам кетди. Бир майдон овул ҳувуллаб қолди. Аммо мен кетмадим, киндик қоним шу тупроққа тўкилган. Ота-боболарим яшаган замин бу. Мана, янги даврлар келди, шу билан бирга умидларимиз ҳам келди, ҳаёт қайта жонланди. Тўғри, энди Орол ортига қайтмаса керак, аммо бу жойлар яна обод бўляпти. Яна гуллар очилмоқда. Мен бу денгизнинг энг гуркураган даврини ҳам энг ҳароб аҳволга келган пайтини ҳам кўрганман болам. Ҳаммаси кўз ўнгимда бўлди, ҳамма ҳаммаси... 

Алмаз ота балиқчи эди, аммо 1960-70 йилларда денгиз унинг овулидан узоқлаша бошлагач, касби ҳам уни тарк этди. Сувлар шўрланди, дарахтлар қуриб битди, чакалакзорлардан асар ҳам қолмади. Жозибакор табиат ўрнини жонсиз саҳро эгаллади. Денгиздан фақат қумларга тиқилиб саҳро ўртасида ҳайкал мисол турган кема қолдиқлари мерос бўлиб қолди, холос. Буларнинг барчаси унинг кўз ўнгида содир бўлди. Аянчли тақдир, аянчли манзара. Бир авлод умридан ҳам қисқа даврда денгиз қарийб 200 чақиримга ичкарилаб кетди.

Мўйноқда болалик йилларида Орол денгизининг тўлиб-тошиб, ҳайқирган даврларини кўрган нуронийларни кўплаб учратиш мумкин. Ерғали ота Оразимбетов денгиз учун жон куйдирган ана шундай фидойи инсонлардан. 

— Яқин вақтларгача катталиги бўйича дунёда тўртинчи кўл бўлган Орол денгизи табиий захираларга бойлиги билан ҳам машҳур эди, – дейди Ерғали ота. — Энг ноёб балиқлардан ташқари, бу ерлар “Қизил китоб”га киритилган ёввойи ҳайвонлардан тортиб, турли қушлар, паррандаю даррандалар макони эди. Оролбўйи Қорақум ва Қизилқум саҳроси ўртасида жойлашган нажотбахш маскан бўлган. Булар энди эртакдек туюлади. 

Менинг ёшлигим, менинг умрим шу ерларда ўтди. Тўғри, айримлар кўчиб кетди, собиқ иттифоқ замонларида бир неча минг оила ўзга минтақа ва юртларда ватан тутди. Бироқ кўпчилик ўз аждодлари хоки қўйилган тупроқни ташлаб кетмади. Шуларнинг орасида мен ҳам борман. Шукрки, дориломон кунларга етиб, чорвачилик, паррандачилик, савдо-сотиқ бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятини йўлга қўйдим. Туғилган гўшамнинг гуллаб-яшнаши учун бироз бўлсада ўз ҳиссамни қўшсам – шу менинг бахтим.

Дарвоқе, Орол денгизида сув тўлиб-тошган, балиқчилик ривожланган, балиқ консерва заводи тўлиқ қувват билан туну кун ишлаётган даврларда Мўйноқ тумани аҳолиси 100 мингдан ортиқ эди. Денгиз қуриши, экологиянинг бузилиши оқибатида уларнинг аксарият қисми бошқа ҳудудларга кўчиб кетди. Ҳозирги кунда туманда 30 мингдан зиёдроқ аҳоли истиқомат қилади.

Ўтган асрнинг 60-йилларидан Орол денгизи сатҳининг тез суръатлар билан пасайиши жиддий экологик ва ижтимоий-иқтисодий оқибатларга олиб кела бошлади. Амударё орқали Термиз шаҳрини Аралск темир йўл тугуни билан боғлаган Орол денгизи ўз функциясини тугатди. 1981 йилга келиб эса денгизда кема ҳаракатлари бутунлай тўхтади. Барча кемалар порт шаҳарлар яқинидаги қуруқликда қолиб кетди. Бир неча йиллар ичида денгизда сузган 500 дан ортиқ кема қумликлардан абадий жой олди. Ҳозирда эса улардан мерос бўлиб, яқин тарихни эслатувчи 11 дона кема «кемалар қабристони»да қолди.

***

Йўлда бизга ҳамроҳ бўлган қорақалпоғистонлик ҳамкасбимиз, фотограф Мақсад Ҳабибуллаев ҳам Мўйноқ ва Қорақалпоқ диёри, ўзгаришлар, янгиланишлар ҳақида тўлиб-тошиб сўзлаб берди.

— Мўйноқни кўргани келган ҳар бир инсоннинг, табиат шайдосининг хотирасида бу жойлар бир умрга муҳрланиб қолади, – дейди у.– Тўғри, аҳолиси унча бой эмасдир, аммо бу жойларда худди шу денгиздек қалби тоза, бағри кенг одамлар яшайди. Улар бугунига, эртанги кунига ишонади. Ишонч эса амалда олиб борилаётган ўзгаришлар туфайли мустаҳкамланмоқда.

Дарвоқе, эндиликда Орол бўйи томонларга сизнинг ҳам йўлингиз тушса, бу ерларга қум барханлари билан тўсилган айланма йўл­лардан эмас, балки Қўнғирот ва Мўйноқни боғлайдиган тўғри, кенг ва равон йўллардан келасиз. Мўйноқликлар билан гурунглашасиз, қалбига сиғмас узун ҳикояларини тинглайсиз. Янгиланаётган масканларни бир бор кўрасиз. Ва, она тарих ўз саҳифаларидан ўчиришга уринаётган буюк Орол денгизи фусункорлиги яна ўзига қайтаётганига гувоҳ бўласиз. 

Айни масканлар 20 йил муқаддам кўрган одам учун томомила ўзгача манзара касб этган. Бу жаҳон тарихида биринчи марта қуриган денгизнинг қутқарилиши, десак асло муболаға бўлмас.

Аслиддин СУЮНОВ,

журналист

Тошкент — Нукус — Мўйноқ — Тошкент.

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оролга ҳаёт қайтмоқда