«Юриспруденция» йўналиши учун тест имтиҳонлари ҳуқуқ фанидан ҳам бўлиши маълум қилинган эди. Савол тушиши мумкин бўлган адабиётлар рўйхатида амалдаги Конституциямиз ҳам бор. Жорий йил 30 апрелда янги таҳрирдаги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказилади.
Хўш, агар янги Конституция қабул қилинадиган бўлса, ОТМ ларга тест синовларида янги таҳрирдаги Конституциядан ҳам саволлар тушиши мумкинми?
Мазкур савол юзасидан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги мутасаддилари қуйидагиларни маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳуқуқшунослик фанларидан апробация ўтказилган. Унда ҳозирги кунда амалда бўлиб турган Конституция бўйича саволлар мавжуд. Умумтаълим фанлардан 3 марта апробация тест синовлари ўтказилиши белгилаб қўйилган бўлиб, бугунга қадар бир марта апробация жараёнлари ўтказилди.
30 апрелда ўтказиладиган Референдумда янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси тасдиқланадиган бўлса, жорий йиллардаги ОТМларга бериладиган саволларга киритилади. Агар янги таҳрирдаги Конституциядан саволлар киритилса, умумтаълим фанлари яна бир маротаба апробациядан ўтказилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА