Бир томчи сувнинг қадр-қиммати, аҳамияти йилдан йилга ортиб бормоқда. Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳудудларида фойдаланиладиган ўртача йиллик сув ресурсларининг миқдори 51-53 миллиард метр кубни ташкил этади.
Жаҳон сув ресурслари институти томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, Ўзбекистон сув стрессидан азият чекаётган давлатлар рейтингида 164 та мамлакат орасида 25-ўринни эгаллайди. Шунинг учун ҳам сув ресурсларини тежаш, ундан самарали фойдаланиш барчамиз учун бирдек масъулиятдир.
Cув танқислиги, унинг керакли миқдорда экинларга етиб бормаслиги аҳолининг сувга нисбатан нотўғри муносабати туфайли ҳам келиб чиқади.
Мамлакатимизда сувни тежайдиган технологияларнинг жорий этилиши қандай самара беради? Умуман, сувни исроф қилмаслик, мавжуд сув захираларидан самарали фойдаланиш учун нималарга эътибор бериш лозим?
Мавзу юзасидан Сув хўжалиги вазирлиги ахборот-таҳлил ва ресурс маркази директори Зокир Эшпўлатов билан суҳбаташдик.
— Ўзбекистонда сув тежовчи технологиялардан самарали фойдаланиш бўйича қандай ишлар йўлга қўйилмоқда?
— Президентимизнинг 2022 йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорда қишлоқ хўжалигида томчилатиб суғориладиган экин майдонининг ҳар бир гектарига субсидия берилади. Бунда пахта майдонлари учун 8 миллион сўм — Қорақалпоғистон ва Хоразмда 12 миллион сўм, сабзавот ва полиз экинлари учун 1,5 миллион сўмдан 2,5 миллион сўмгача, мевали экинлар учун 6 миллион сўм, узум майдонлари учун эса 8 миллион сўмдан ажратилади. Бунинг учун республика бюджетидан жорий йилда 1 триллион 182,4 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Юртимизда сув ресурсларини тежаш, ундан мақсадли ва самарали фойдаланишда сув тежовчи технологияларни жорий этиш борасидаги тажриба оммалашмоқда ва янги ташаббуслар қўллаб-қувватланяпти. Дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, экинларни томчилатиб, ёмғирлатиб, пульсар каби турли сув тежовчи технологиялар ёрдамида суғориш нафақат сув сарфи, балки сарф-харажатларни камайтириш, ҳосилдорликни оширишга замин яратади. Бундай саъй-ҳаракатлардан кўзланган мақсад битта — бу ҳам бўлса, сувни иложи борича тўғри тақсимлаш ва асраш.
Сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш барча ресурсларни, яъни ўғитлар, сув, техника ва қўл кучи, пестицидлар, ёқилғи, эҳтиёт қисмлар учун қилинадиган сарф-харажатларни 30 фоиздан 50 фоизгача қисқартириши мумкин.
Бунда ўғитлар 30-40 фоиз иқтисод қилиниб, улар сувда тўлиқ эритилган ҳолда фақатгина илдиз қисми жойлашган жойга бир меъёрда етказилади, сув билан ортиқча ерлар сувланмайди. Бунда экин турига кўра 40 дан 60 фоизгача сув иқтисод қилинади, яъни сув ҳам асосан, фақат ўсимлик эҳтиёжи учун хизмат қилади.
— Юртимизда қандай сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш мумкин?
— Сувни тежашда ҳосилдорликни ошириш ва ортиқча ишчи кучи талаб этилмайдиган энг самарали усул бу – томчилатиб суғоришдир. У мукаммал суғориш техникаси бўлиб, қўлланилаётганда сув билан биргаликда, зарурий ўғитлар суғорилаётган экиннинг илдиз қисмига узатилади. Пахта ва буғдойнинг ҳосилдорлиги 30 фоизгача, мевали дарахтлар ва сабзавот экинларининг ҳосилдорлиги 50 фоизгача ошади.
Гектаридан ўртача 25-30 фоизгача минерал ўғитлар тежаб қолинади. Томчилатиб суғориш – далага эмас, ўсимликка сув бериш дегани. Минерал ўғитлар сув таркибига қўшилган ҳолда тўғридан тўғри илдизга етиб боради.
Ёмғирлатиб суғориш ҳам анча самарали, сув экинларга томчиларни сепиш, пуркаш орқали берилади. Ер юзасида ҳеч қандай сув оқими вужудга келмайди ва бунда бериладиган сув миқдори тўлиқ экинни ривожланиши учун сарфланади. Анъанавий суғоришга нисбатан 20 фоиз сув тежалади. 1,5 кунда 50 гектар ерни суғориш мумкин. Герметик ёпиқ тизим ҳисобига сувнинг тезлиги ортиб, қўл меҳнати камаяди. Қувур тешикларини аниқлаш тизими компьютерлаштирилган бўлиб, метеостанция ва тупроқ намлигини аниқлаш мосламаси мавжуд.
Қолаверса, ерни лазерли текислаш орқали ҳам сув сарфини анча камайтириш мумкин. Анъанавий ер текисланмаганда суғориш сувининг дала бўйлаб ёйилиши бир текисда кечмайди. Ернинг ботиқ жойларига ўта кўп сув тўпланиб, ортиқча намлик ҳосил бўлади. Ернинг тепалик жойларига эса аксинча, сув етиб бормай экин учун етарлича намлик ҳосил бўлмайди. Ерни лазерли текислаш орқали эса сув ер юзаси бўйлаб бир текисда ёйилиши натижасида ер нишаблиги 3 см.га тенг бўлади, бунинг натижасида сув тежамкорлиги 20-25 фоизга етади. Ҳосилдорлик эса, 5-7 фоизга ошади. Суғоришда ишчи кучи ва вақт тежалади. Ерга тўғри ишлов берилганда майдонларни 3 йилда 1 мартагина қайтадан лазерли текислаш зарур бўлади, холос.
Қолаверса, эгилувчан қувурли суғориш комплектидан фойдаланиб ҳам экинларни суғориш мумкин. Кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш – жўяк олиб экиладиган ғўза, кузги бошоқли дон экинлари, пиёз, кунгабоқар, лавлаги ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда қўллаш тавсия этилган.
Эгатга плёнка тўшаб суғоришда эса, экин майдонини суғоришга сарфланаётган сувдан тежамли ва самарали фойдаланиш учун экин даласи тупроғи намлигини бошқариш ва суғориш вақтида сувни экиннинг илдиз қатламига етказиб бериш муҳим аҳамиятга эга. Суғоришга берилаётган сув экинга эгатлар орқали етказиб берилганда, сувнинг катта қисми эгатнинг ичида тупроққа беҳудага сингиб кетади ва исроф бўлади. Суғоришдан кейин эса эгатнинг намланган тупроғидан анча миқдордаги сув буғланиб кетади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш, экинларни суғоришда сувни тежайдиган технологияларга мурожаат қилишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Буни англаган ривожланган мамлакатларнинг аксарияти сувдан барқарор фойдаланишни йўлга қўйган. Агар ҳозирда сувни тежаш маданияти юртдошларимиз онгиги чуқур сингдирилмаса, вазият иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий муаммоларга олиб келиши мумкин.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА