Ўзбекистонда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб номланган 2023 йил Европа Иттифоқи мамлакатларида “Европа кўникмалар йили”, деб эълон қилинган. Шу муносабат билан ЕИга аъзо давлатлар элчихоналари ва “Erasmus+” дастури миллий офиси ҳамкорлигида 3, 5 ва 7 апрель кунлари Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида “Team Europe” (Европа жамоаси) ташаббуси билан “Европа Иттифоқи таълим кўргазмаси-2023” бўлиб ўтади.
Европа Иттифоқи таълим муассасалари ва ташкилотлари вакилларини бирлаштирадиган мазкур анжуманда ташриф буюрувчилар – талаба ва абитуриентлар, уларнинг ота-оналари, ўқитувчилар академик таълим бўйича турли таклифлар билан танишишдек ажойиб имкониятга эга бўлишади.
Тадбирни ўтказишда Олий таълим, фан ва инновациялар, Ёшлар сиёсати ва спорт, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари, шунингдек, мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари ҳамкорлик қилади ва ташкилий кўмак беради.
“Европа Иттифоқи таълим кўргазмаси-2023” барчага ЕИдаги энг машҳур университетлар, таълим муассасалари вакиллари билан учрашиш, мулоқот қилиш учун ноёб платформа тақдим этмоқда. Бу ерда ёндош муассасалар томонидан таклиф этилаётган турли курслар, ўқув дастурлари ва стипендиялар ҳақида маълумот олишингиз, виза олиш, қабул тартиби ва олий таълим олиш билан боғлиқ бошқа муҳим жиҳатлар ҳақида хабардорликни ошириш мумкин. Шунингдек, таълим соҳасидаги сўнгги тенденция ва ишланмалар тўғрисида фойдали маълумотга эга бўлиш учун етакчи академик экспертлар ахборот сессиялари ва тақдимотларида иштирок этиш имкони яратилади.
“Европа Иттифоқи таълим кўргазмаси-2023” ёшларнинг чет элда ўқишга қизиқишини қўллаб-қувватлаш, уларга келажакдаги муваффақиятли фаолият гарови бўлган тўғри таълим йўлини топишга ёрдам беради.
Ғ.Хонназаров,
ЎзА