Айни вақтда Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирокида Термиз шаҳрида халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгаши сессияси давом этмоқда.
Президент 257 та мактаб қурилгани ва реконструкция бўлгани, боғча қамрови 18 фоиздан 62 фоизга етказилганини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, вилоятда 302 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминлангани қайт этилди.
1 минг километр халқаро ва 3 минг километр ички йўллар таъмирланганига эътибор қаратилди.
— Энг асосийси, одамларимиз ва тадбиркорларда келажакка ишонч пайдо бўлди. Энди, кўнглимдаги битта гапни айтсам. Агар яна бир-икки йил биргаликда қаттиқ ишласак, Сурхондарёда жуда катта ривожланиш, ўсиш бўлади. Шу боис, 13 та туман ҳокими лавозимига республика идораларида ишлаган, малакали кадрларни қўйдик. Бугунги сессияда Сурхондарё вилоятига ҳоким тайинлаш бўйича ташкилий масалани кўриб чиқишимиз керак. Вилоят депутатлари ва фаоллари билан маслаҳатлашиб, вилоят ҳокими вазифасини бажариб келаётган Қосимов Улуғбек Бердиқобилович номзодини бу лавозимга таклиф қиламан. Улуғбек Қосимовга берилган қисқа вақт ва имконият Сурхондарёдаги вазият ва аҳоли ташвишларини чуқур ўрганиш учун етарли, деб ҳисоблайман, — деди Шавкат Мирзиёев.
И.Аввалбоев, ЎзА