Жорий йилда Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги 1 та умумтаълим мактаби ва Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳридаги 2 та мактабгача таълим ташкилоти Япония ҳукуматининг мақсадли грантини қўлга киритди.
Қарийб 140 минг АҚШ доллари миқдоридаги ушбу маблағлар таълим муассасаларининг моддий-техник базасини такомиллаштиришга йўналтирилади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳамда Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Хатори Такаши иштирокида «Инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кичик ижтимоий лойиҳаларга кўмак бериш грантлари» дастури доирасида қатор шартномаларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Лойиҳага кўра, Урганч шаҳридаги 31-сонли мактаб учун ўқувчи ва ўқитувчиларнинг саломатлиги ва гигиенасини яхшилашга қаратилган чиқинди сувларни япон технологиясидан фойдаланган ҳолда тоза сувга тозалаш мосламаси ўрнатилади.
Шунингдек, лойиҳа доирасида Термиз шаҳридаги 19- ҳамда 28-мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларининг сифатли таълим олишлари учун муассасалардаги мавжуд эски мебель жиҳозларини янгилаш ишлари олиб борилади.
ЎзА