
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги делегация Хитойнинг Шенжен шаҳридаги “Huawei” компаниясининг бош офисида бўлди.
Ташриф чоғида делегация энергетика соҳасини ривожлантириш бўйича инновацион ечимлар билан танишди. Шундан сўнг “Huawei” кўргазмалар маркази, турли мақсадлардаги қуёш электр станциялари учун инверторлар ва қайта зарядланувчи аккумуляторлар ишлаб чиқарувчи “Huawei Digital Power” ишлаб чиқариш қувватлари бўлими бўйлаб экскурсия ташкил қилинди.
Энергетика вазири ушбу компаниянинг энергетика соҳасида рақамли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича жаҳон тажрибаси билан танишиш доирасида “Huawei Global Energetika” бизнес бўлими президенти Сун Фую билан учрашув ўтказди.

Унда томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик ҳамда Ўзбекистонда рақамли ва энергетика технологиялари интеграциясини ошириш, экотизим иштирокчилари ва тадбиркорлар учун «яшил» энергияни ишлаб чиқариш, қуёш энергияси ҳисобига йирик корхоналарни электрлаштириш каби масалалар муҳокама марказида бўлди.
Маълумот ўрнида, 2022 йилнинг сентябрь ойида Энергетика вазирлиги ва "Huawei Uzbekistan" компанияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган. Унга кўра, томонлар узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА