
Бу ҳақда америкалик тадқиқотчилар бонг урмоқда. Сўнгги эллик йил ичида кашфиётлар ва ихтиролар кетма-кетлиги, тахминан, 90 фоиз қисқаргани аниқланган.
Савол туғилиши табиий: бу нима дегани? Олимлар фикрича, бу ҳолат инсониятнинг илмий ва технологик тараққиёти табиати тубдан ўзгарганини кўрсатади.
Январь ойи бошида Миннесота университети (UMN) матбуот хизмати шу ҳақда мақола эълон қилди.
– Соғлом илмий муҳит, аввало, машаққатли, мунтазам изланиш ва илғор кашфиётлар билан тавсифланади, – дейди UMN профессори Расселл Фанк. – Илм-фан тадқиқоти табиатидаги туб ўзгариш босқичма-босқич шу нарсага олиб келдики, ҳозир кашфиётлар оламида қадам-бақадам кенгайиб борувчи изланишлар устунлик қилмоқда. Бу эса сўнгги ўн йилликда илмий-техникавий тараққиёт суръатини кескин секинлаштириб юборди.
Фанк ҳамкасблари билан сўнгги олтмиш йил ичида нашр этилган 45 миллиондан ортиқ илмий мақола, 3 миллион 900 минг патентни таҳлил қилгач, шундай хулосага келди.
Зарур ахборотларни олишда олимларга йирик илмий ва патент маълумотлари базалари, хусусан “Web of Science”, “JSTOR”, “APS”, “Pubmed” ҳамда АҚШнинг патент ва товар белгиси идораси (USPTO) яқиндан ёрдам берди.
Мазкур маълумотлар базасини таҳлил қилиш учун тадқиқотчилар "CD-индекс" ёки "муҳим инновация индекси" номли янги илмий-метрик индикаторни ишлаб чиқишди. Бу индикатор муайян кашфиёт ёки ихтиро мазкур инновация мансуб бўлган илмий ёхуд муҳандислик муҳитини қай даражада кескин ўзгартириб юборганини акс эттиради.
Профессор Фанк ва унинг ҳамкасблари CД индексини ҳисоблаш учун оддий қонуниятдан фойдаланган. Улар эътибор қаратишича, илғор тадқиқот кўпинча ўз мавзусини "нолга" тушириб қўяди. Шу боис инновацион мақолага таянганда долзарблигини йўқотган аввалги мақолалардан, деярли, иқтибос келтирилмайди. Таъкидланганидек, бундай иқтибоснинг ёрқин мисоли сифатида Френсис Крик ва Жеймс Уотсоннинг ДНК тузилишини очиш ҳақидаги мақоласини келтириш мумкин.
Тадқиқотчилар ушбу мулоҳазалар асосида CД индексини ўрганилган барча илмий мақола ва патент учун ҳисоблаб чиқишди. Сўнгра инновация индексининг ўртача қиймати қандай ўзгаргани таҳлил қилинди. Уларнинг ҳисоб-китоби шуни кўрсатдики, бу кўрсаткич ўтган асрнинг 60-70-йилларида юқори даражада бўлган. Кейинги 50 йил ичида тез пасая бошлаган, XX аср ўрталарида, тахминан, 90 фоиз камайган.
Физика ва ижтимоий фанлар, шунингдек, фармацевтика, биотиббиёт технологиялари ушбу тенденциядан энг кўп зарар кўрган. Бу ерда CД ўртача индекси нолга тушиб кетган, нашрлар сони эса сезиларли даражада ошган.
“Айни икки омил сўнгги 50 йил ичида фан тубдан ўзгарганини кўрсатади”, дейди олимлар. Бу, тадқиқотчилар фикрига кўра, мутахассисларнинг тор ихтисослашуви ўсиши ва тадқиқотни молиялаштиришда грант тизимига ўтиш тенденцияси билан боғлиқ. Тадқиқотчилар ўзлари тўплаган маълумотлар тегишли бўлимлар мутасаддилари эътиборини тортиши, уларни фанни молиялаштириш ва илмий фаолиятни ташкил этишга нисбатан ёндашувини ўзгартириш зарурлигига ишонтиришидан умидвор. Натижада илмий тадқиқотлар янгилиги нафақат расмий имкониятлар, балки муваффақият, шунингдек грант бериш учун асосий танлов мезонларидан бирига айланади.
Интернет материаллари асосида
С.Раҳимов таёрлади.
ЎзА