Жорий йил 10 февралида “Мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2023 йил 1 февралдан 2024 йил 1 январгача тайёр мебель маҳсулотларини экспорт қилувчи тадбиркорларга хориждаги офис, савдо ва омбор биноларини ижарага олиш харажатларининг бир қисмини қоплаб беришда мазкур нотурар жойлар майдонига қўйилган меъёр 100 квадрат метрдан 250 квадрат метрга оширилади.
Йиллик тушумида тайёр мебель маҳсулотлари экспортидан тушум улуши камида 30 фоизни ташкил қиладиган маҳаллий корхоналар томонидан инженер-технолог, лак ва бўёқ сепиш устаси, дизайнер каби хорижий мутахассислар жалб қилинганда улар иш ҳақининг 25 фоизи, бироқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 9 баробаридан кўп бўлмаган қисми қоплаб берилади.
2023 йил 1 февралдан 2024 йил 1 январгача тегишли мебель ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хомашё, эҳтиёт қисмлар, фурнитура ва аксессуарлар импортида божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади. Синтетик полимерлар ёки кимёвий модификацияланган табиий полимерларга асосланган, сувсиз муҳитда тарқалган ёки эриган бўёқлар ва лаклар шу жумласидандир.
ЎзА