Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов раҳбарлигида давлат олий таълим муассасаларининг фаолият самарадорлигини баҳолаш, таҳлил қилиш ва ошириш чора-тадбирлари ҳамда устувор вазифаларни белгилаш бўйича кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда ҳар бир олий ўқув юрти ўз ахлоқ кодексини ишлаб чиқиши, бу кодексда олий таълим муассасасининг ўзига хос жиҳатлари, талаблар, педагоглар ва битирувчиларнинг мақоми, шаъни, мажбурият ва масъулиятларини акс эттириш лозимлиги таъкидланди. Ҳар бир ОТМ талабаларнинг маънавий жиҳатдан баркамол бўлишлари учун адабиёт, санъат, мусиқа ва қўшиқчиликнинг турли йўналишларидан фойдаланиши тавсия этилди.
Қайд этилишича, эндиликда ОТМдаги муаммоли ёшлар ва иқтидорли талабаларга алоҳида шароит яратилади, уларни рағбатлантириш механизмлари ишлаб чиқилади. Келгусида ҳар бир талаба тарбияси билан индивидуал шуғулланиш тартиби жорий этилади. Уюшмаган қатлам ва иқтидорли талабалар билан мунтазам мулоқотлар ташкил этилади. Иқтидорли талабалар хорижий университетларга қисқа муддатли стажировкаларга жўнатиш анъанаси йўлга қўйилади.
Шунингдек, мазкур учрашувда олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов иштирокчиларга ОТМ раҳбарларини вазирликнинг янги тузилмаси, тизим ташкилотлари, раҳбар ва мутасадди ходимлар билан таништирди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА