Қишлоқда яшовчи одамларнинг аксарияти совуқда уйларини асосан кўмир ёқиб иситишади. Бу йилги қиш кўмирга бўлган талабни икки карра оширди.
Хўш, халқ орасида «қора олтин» номи билан аталувчи кўмир захираси юртимизда қанча? Қайси кўмирнинг соғликка зарари камроқ? Кўмир конларида ишчиларга қандай моддий ва маънавий имкониятлар яратилган?
ЎзА мухбири шу каби саволларга «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти матбуот котиби Неъмат Душаевдан жавоб олди.
– Кўмирга олдинги йилларга нисбатан талаб қандай бўлди? Қанча қазиб олинди?
– Кўмир қазиб олиш ва етказиб бериш ҳажмлари истеъмолчиларнинг кўпайиши ҳисобига йилдан-йилга ошиб боряпти. Ўтган йили «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятида режа бўйича қазиб олиш 4 миллион 800 минг тонна белгиланган бўлса, амалда 5 миллион 75 минг тоннадан оширилди. Режа муддатидан олдин ошириб бажарилди.
– Кўмир оддий қилиб тушунтирганда қандай ёқилғи? У қандай қазиб олинади?
– Кўмир ёнувчи органик тоғ жинсидир. Бу икки хил бўлади: тош кўмир ва қўнғир кўмир. Ушбу қаттиқ ёқилғи энергия ресурсларидан бири бўлиб, ер ости қазилма бойлиги ҳисобланади. Республикамизда кўмир Тошкент вилоятининг Ангрен (1,8 млрд.дан ортиқ захираси бор) ҳамда Сурхондарё вилоятидаги Шарғун конларидан қазиб олинади. У ерда асосан тошкўмир қазиб олинади. Маълумотларга қараганда, конда 35 миллион тонна захира бор. Ангренда, яъни Оҳангарон водийсининг Чотқол ва Қурама тоғ тизмалари орасидаги конда асосан қўнғир кўмир қазиб олинади. Унинг калорияси тошкўмирга қараганда камроқ бўлса-да, иссиқлик берувчи ҳисобланади.
Ангрен кўмир ҳавзасида «Ўзбеккўмир» АЖнинг 3 та кони ишлайди. Улар орасида шахта усулида кўмир қазиб олиш кон ҳам бор.
– Ангрен кўмир ҳавзасининг захираси неча йилга етади?
– Чотқол қурама тоғларидаги қирларни сув ювиши, кўчкилар оқибатида ер остидаги кўмир очилиб қолиб, табиий равишда ёнган. Маҳаллий аҳоли уни қўлбола усулда қазиб олиб, азалдан (1880 йиллардан далиллар бор) бери ишлатиб келган. Ўтган асрнинг қирқинчи йилларида Ангрен кўмир ҳавзасида илк шахталар қуриб ишга туширилган. 1948 йилда очиқ усулда кўмир қазиб оладиган «Ангрен» кони ишга туширилган. Бу йил «Ўзбеккўмир» АЖнинг 75 йиллиги нишонланади.
Мустақилликдан кейин асосий эътибор кўмирни қазиб олиб, истеъмолчиларга етказиб беришга қаратилди. Техниканинг реконструкция қилиш ишлари ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли кўмир қазиб олиш 3 миллион тоннага тушиб қолганди. Республикамиз аҳолисининг кўмирга эҳтиёжи эса 6 миллион тонна.
Иссиқлик электр станцияларига 3 ярим миллион тонна, бюджет ташкилотларига 500 минг тоннадан ортиқ, аҳолига 882 минг тонна етказиб берилди.
Яқинда президентимиз кўмир саноатини ривожлантириш бўйича лойиҳалар билан танишди, соҳага кўмирни 8 миллион тоннага етказиб бериш вазифаси қўйилди.
Ангрен кўмир ҳавзасидаги кўмир 1 миллиард 700 минг тоннадан ортиқ. 200 йилга бемалол етади. Табиат бизга берган бу неъматни ер остидан қазиб олиш масаласи қолган, холос.
– Ер остида турган кўмирни қазиб олиш учун техникалар етарлими?
– Кўмир устки қатламини очиш ва ёқилғи қазиб олишда 3 хил ‒ автомобиль транспорти, темир йўл транспорти ва конвейер транспортидан фойдаланамиз. 130 тоннагача юк кўтара оладиган улкан БелАЗ самосвалларимиз ишлаб турибди. Экскаватор паркидаги айрим техникалар собиқ иттифоқ давридан қолган, анча эскирган. Технологияларни янгилаш учун инвестиция киритиш керак, бунинг учун катта маблағ зарур.
– Корхонанинг бугунги кунда молиявий аҳволи қандай?
– Кейинги йилларда кўмир кони оғир молиявий инқирозларни бошидан кечирди. Маблағ танқислиги, инвестицион лойиҳалар пухта ишланмасдан, синовдан ўтмаган жиҳозларни олиб, уларни ишлатолмай анча қийналдик. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан «Ўзбеккўмир» АЖ ишончли бошқарувга берилди. 2019 йилдан корпоратив бошқарувнинг янги модели, яъни ишончли бошқарув йўлга қўйилди. Ҳозирги кунда корхона зарарга ишлаши тўхтатилди.
– Сизларда қазиб олинадиган 1 килограмм кўмирнинг нархи қанча?
– Энергетика соҳасида ислоҳотлар қилиш даври келди. Аммо кўмирнинг нархи кўтарилса, электр энергия нархи ошиб кетади ва бу ҳар бир соҳага таъсир қилади, деган қараш билан тўрт йилдан бери нарх ўзгаришсиз қоляпти.
1 килограмм кўмирнинг аҳолига сотилиш нархи 300 сўм 3 тийин. Бир тоннаси 300 300 сўм бўлади.
— Одамлар кўпроқ қандай кўмирдан фойдаланишади? Яъни қайси кўмирнинг зарари камроқ?
— Ўзбекистонда икки хил кўмир ёқилади. Уларнинг сифати ташқи кўринишига қараб эмас, балки ёнувчанлиги, кулчанглиги, намлиги ва бошқа омиллар бўйича белгиланади. Бугунги кунда аҳоли учун 2БР, 2БЗР маркали фракцияси 0-500 мм, намлиги 35-40%, кулчанглиги 17 фоизлик кўмир маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Кўмирнинг сифати лаборатория шароитида махсус ускуналар орқали аниқланади.
Ҳар қандай кўмир ёқилганидан кейин ис гази чиқади. Биз ишлаб чиқарадиган кўмирнинг сифат гувоҳномаси бор. Агар кўмир ёқиладиган хонанинг дудбўронларидан нотўғри фойдаланилмаса, хонанинг ҳаво айланиш тизими бузилмаса, яъни белгиланган талабларга риоя қилиб ёқилса, бехавотир бўлади.
– Кўмир сифатини йўқотмаслиги учун уй шароитида қандай сақлаш керак?
– Ангрен кўмир конига тегишли қўнғир кўмир қаттиқлик даражаси бўйича 4-шкалада бўлиб, нисбатан юмшоқлик хоссасига эга. Шу боис сотиб олинган кўмирнинг ўз инкубация даври ва сақлаш талаблари мавжуд. Тахминан 20 кундан кейин ҳар қандай кўмир ҳам очиқ ҳавода қолса, кун сайин ўз хусусиятларини йўқота бошлайди.
Қаттиқ ёқилғининг сифати бузилмаслиги учун уни махсус омборларда, устини ёпиб сақлаш тавсия этилади. Очиқ ҳавода қолган кўмир қуриб, уваланиб кетиши табиий.
– Аҳолига кўмир тарқатиш тартиби ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз...
– Ҳар йили табиий газ етиб бормаган аҳоли пунктларида МФЙлар томонидан кўмирга бўлган эҳтиёж аниқланади ва тегишли рўйхат шакллантирилиб, туман (шаҳар) ҳокимликларига тақдим этилади.
Маҳаллий ҳокимликлар ушбу рўйхатлар асосида ҳудудий кўмир омборларига буюртма беради ва кўмир тарқатиш жадвалини тасдиқлайди. Аҳоли ушбу жадвалга асосан ўзига яқин ҳудудий кўмир омборига мурожаат қилади.
«Ўзбеккўмир» АЖ кўмирни «Кўмир таъминот» МЧЖнинг кўмир омборлари манзилига юклаб жўнатишни таъминлайди ҳамда унинг сифати ва ҳажми учун жавоб беради.
«Кўмир таъминот» МЧЖ эса ўз омборига келиб тушган кўмир сифатли сақланиши ҳамда истеъмолчиларга сотилишини таъминлайди.
— Ишчиларни моддий ва маънавий рағбатлантириш қай даражада?
— «Ўзбеккўмир» АЖнинг 11 та филиали бор. Умумий ҳисобда 6 мингга яқин одам ишлайди. Илгари молиявий тақчиллик ҳисобига корхона билан касаба уюшма ўртасидаги жамоа шартномасининг жуда кўп бандлари бекор қилинган эди. Ишончли бошқарувга ўтказилганидан сўнг ишчилар манфаатини ҳимоя қилиш борасидаги бир қанча имтиёзлар тикланди.
Масалан, кўп йиллик меҳнат учун қўшимча тўловлар, болаларни дам олиш оромгоҳларига юбориш, ишчиларни мукофотлаш каби рағбатлар анча яхшиланди. Маош оширилмаган бўлса-да, шундай имкониятлар ҳисобидан ишчилар манфаатдорлиги таъминланяпти. 2022 йилда мингдан ортиқ кончилар ҳамда кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари ёзги таътилда дам олиш оромгоҳларига юборилди.
Агар ички ислоҳот амалга оширилиб, таннарх фойдага ишласа, ходимларни мукофотлаш, маошларни кўтариш тизими йўлга қўйилади.
Нигора Раҳмонова суҳбатлашди, ЎзА