14 январь — Ватан ҳимоячилари куни!
Ватан ҳимояси муқаддас бурч. Мамлакатимизда ҳар йили 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни сифатида кенг нишонланади. Сана муносабати билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Тўлқин Каримов билан соҳадаги ўзгаришлар, ҳуқуқий асослар, Ватан ҳимоясидаги ходимларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлар хусусида суҳбатлашдик.

— Мамлакатимиз Қуролли Кучлари ҳақида сўз борар экан, аввало, соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасида олиб борилган ишлар хусусида тўхталиб ўтсангиз.
— Мамлакатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш йўлида тизимли ва изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўтган даврда соҳага оид қонунчиликни мустаҳкамлашга катта эътибор берилди. Мудофаа доктринаси, “Мудофаа тўғрисида”, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида” “Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари резервидаги хизмат тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг “Ташқи сиёсий фаолияти Концепсияси”ни тасдиқлаш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Мазкур қонунларнинг қабул қилиниши миллий армиямизнинг салоҳиятини, жанговарлик даражасини оширишга хизмат қиляпти.
— Сўнгги йилларда Ўзбекистон мудофаа тизимида қандай ижобий ўзгариш ва янгиликлар бўлди?

— Албатта, бугунги замонавий талаблар ҳисобга олинган ҳолда Қуролли Кучларнинг ташкилий-штат тузилиши принципиал жиҳатдан ўзгартирилди, тезкор-стратегик бошқарув, оператив тайёргарлик ва қўшинларни жанговар қўллашнинг ҳақиқий марказига айланган самарали бошқариш тизими яратилди. Ҳарбий округлар тузилди. Давлат чегараларини ҳимоя қилиш ва қўриқлашнинг замонавий талабларга жавоб берадиган тизими шакллантирилди. Ҳарбий операциялар амалга ошириладиган энг муҳим йўналишларда ҳаракатчан, яхши таъминланган бўлинмалар, биринчи навбатда, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва одамларимизнинг тинч-осойишта ҳаётини бузишга қаратилган ҳар қандай ёвуз кучларнинг тажовузкор хатти-ҳаракатларига қатъий зарба беришга қодир бўлган махсус бўлинмалар ташкил этилди.
Айниқса, кейинги йилларда қўшинларни модернизация қилиш ва энг янги қурол-яроғ ва техника, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ва вертолётлар, бронетанк қуроллари, артиллерия тизимлари, алоқа воситалари, алоҳида ва гуруҳ бўлиб ҳимояланиш воситалари билан қайта қуроллантиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилди.
Шунингдек, муддатли харбий хизматга чақириш бир йилда бир марта ташкил этилиб, уни ўташ муддати бир йил қилиб белгиланганлиги, сержантлар таркибининг сезиларли даражада кенгайгани, сафарбарлик резерви хизмати жорий этилгани миллий армиямиз қиёфасини ва мазмун-моҳиятини тубдан ўзгартириб юборди. Бу каби чора-тадбирлар Қуролли Кучларни чақирилувчилар билан тўлдиришни сифат жиҳатидан яхшилаш имконини берди.
— Шу ўринда ҳарбий кадрлар тайёрлаш, ҳарбий таълим соҳасидаги ислоҳотлар, имкониятлар борасида ҳам маълумот берсангиз.
— Дарҳақиқат, Қуролли Кучларимизни малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида ҳарбий таълим соҳаси тубдан ислоҳ қилинди. Мактабдан бошлаб олий ўқув юртларигача қамраб оладиган узлуксиз ҳарбий таълим ва ватанпарварлик тарбияси бўйича ўзига хос ноёб ва яхлит тизим яратилди. Ушбу тизимда мутлақо янги Қуролли Кучлар академияси шакллантирилди.
Ҳарбий билим юртлари, лицей ва коллежлар фаолияти такомиллаштирилиб, “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейлари ташкил этилди. Аждодларимиз жасоратини ёшлар онгига сингдириш мақсадида ҳарбий қисмларда “Амир Темур” ва “Жалолиддин Мангуберди” синфлари яратилди. Мактаб ўқувчилари учун “Ватанпарварлар” ҳарбий спорт мусобақалари ташкил этилди.
Ҳозирда Қуролли Кучлар академияси, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик, Олий ҳарбий авиация билим юртлари, Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти, Ҳарбий тиббиёт академиясида 32 йўналиш ҳамда мутахассисликлар бўйича юқори малакали офицер кадрлар тайёрланмоқда. Натижада мудофаа ва хавфсизлик тузилмалари сафини миллий кадрлар билан тўлдириш имконияти яратилди.
— 2023 йилги дунёдаги энг кучли армиялар рейтингида Ўзбекистон 145 та давлат орасида 62-ўринни эгаллади. Бу каби натижаларни соҳадаги ислоҳотлар самараси десак бўладими?
— Албатта, соҳадаги улкан ўзгаришларнинг, кенг кўламли ислоҳотларнинг ижобий натижаси сифатида Ўзбекистон армияси 2015 йилдан буён халқаро рейтингларда Марказий Осиёда энг кучли армия, дея эътироф этиб келинмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳарбийларининг “Халқаро армия ўйинлари”, “Кембрия патрули” (Англия), “Энг яхши жангчи” (АҚШ) халқаро ҳарбий мусобақа ва танловларда ҳам ғолиб бўлганини эътироф этиш жоиз. Умуман, қуролли кучлар соҳасидаги изчил ислоҳотлар Ўзбекистон армиясининг жанговар қудратини қарийб 2 баробардан зиёд ошишига замин яратди.
Бугун халқимиз Ватанга садоқатли, профессионал тайёргарликка эга бўлган, мамлакатимизнинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, фуқароларимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир бўлган ўз Миллий армияси билан фахрланади.

— Ҳарбийлар кўнгилни хотиржам қилиб, Ватан ҳимоясига шай туриши учун, аввало, ўз оиласи ҳам тинч, ижтимоий жиҳатдан ҳимояланган бўлиши лозим. Шу маънода соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш борасида қандай чоралар кўрилмоқда?
— Қуролли Кучларимизнинг салоҳияти ва жанговар қобилиятини ҳар томонлама мустаҳкамлаш мақсадида бугунги кун талабидан келиб чиқиб ҳарбий-маъмурий округлар тузилди. Ҳарбий хизматчилар учун замонавий турар-жойлар қуриш, мавжуд турар жой фондини таъмирлаш, замонавий ҳарбий шаҳарчаларни қуриш ва реконструкция қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳарбий хизматчиларни ипотека кредитлари орқали уй-жой билан таъминлаш бўйича тегишли қарорига асосан 2021 йилда 1 минг 10 та хонадон, 2022 йилда 1 минг 200 та хонадон ҳарбий хизматчиларга фойдаланишга топширилди.
1991-2016 йилларда ҳарбий хизматчиларга 7 минг 137 та хонадон берилган бўлса, 2017-2021 йилларда бу кўрсаткич 10 минг 769 та хонадонни ташкил этди. 2026 йилгача бу кўрсаткични ҳар йиллик 2 минг 295 тагача етказиш режалаштирилган.
Ҳарбийларимиз саломатлиги энг муҳим масала. Бу борада ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Мудофаа вазирлиги тасарруфида замонавий тиббий асбоб-анжомлар билан жиҳозланган, малакали тиббий ходимлар фаолият олиб бораётган йигирмадан ортиқ даволаш-профилактика муассасалари, кўп сонли тиббиёт пунктлари, шу билан бирга, ҳарбий санаториялар ва бошқа махсус ҳарбий-тиббиёт муассасалари ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг соғлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш йўлида фаолият олиб бормоқда.
Бир сўз билан айтганда, юртимизда Ватанимиз ҳимоячиларини шарафлаш, уларга муносиб шароит яратиш борасидаги ижобий ўзгаришлар соҳа ривожига хизмат қилмоқда, Қуролли Кучларимиз, миллий армиямиз ватанпарвар ёшларни тарбиялашда намуна бўлаётир.
Муҳтарама Комилова суҳбатлашди, ЎзА