Самарқандда ўқиш бошланди, аммо давомат жуда паст
Самарқанд вилоятида 13 та олий таълим, 73 та ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси ҳамда 1255 та умумтаълим мактаби мавжуд. Жорий йилнинг 11 январь кунидан 950 та умумтаълим мактаби, 71 та ўрта-махсус таълим ва 13 та олий таълим муассасаларида анъанавий шаклда дарслар бошланишини маълум қиламиз, деб хабар берди Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.
Шунингдек, ҳаво ҳарорати кескин совиган вақтда транспортда бориш қийинлиги, масофа узоқлиги ва зарур иссиқлик билан таъминлаш имконияти чекланганлиги сабабли 97 та умумтаълим ва 2 та ўрта-махсус таълим муассасасида дарслар 13 январдан, 208 та умумтаълим мактабида 18 январдан бошланиши маълум қилинди.
Жумладан, Ургут туманининг Омонқўтон, Терсак, Узунсой, Чоштепа, Ғиждувон, Терак, Мўминобод, Чумчуқли, Сойғўс, Чорчинор, Навбоғ ва Қолдивойжар маҳаллаларидаги 16 та мактабда ўқув жараёни 18 январдан бошланади.
Гарчи вилоятдаги аксарият таълим муассасаларида бугундан ўқиш бошланган бўлсада давомат эллик фоизга ҳам етмагани кузатилди. Сабаби бугун тонгда вилоятнинг кўпгина ҳудудларида ҳаво ҳарорати -10...-12 даражани, тоғли ва дашт ҳудудларда бундан ҳам совуқ ҳароратни кўрсатди.
[gallery-10233]
Кеча вилоят ҳокими автомобиль йўллари ва пиёдалар йўлакларини қордан тозалаш бўйича мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйганидан сўнг Самарқанд шаҳри ва туманлар марказларидаги йўллар, вилоят ҳудудидан ўтган автомагистраллар тозаланди. Аммо маҳаллалар, қишлоқ жойлардаги ички йўллар ҳали қордан тозаланмаган. Шу сабабли Самарқанд шаҳридаги айрим мактабларда ўқув жараёни қай тарзда бошланганини кузатишга қарор қилдик.
Афсуски, шаҳардаги бир нечта мактабларда давомат ўттиз фоизга ҳам етмаганини кузатдик. Хусусан, 2370 нафар ўқувчи таҳсил оладиган 35-мактабнинг куннинг биринчи ярмида ўтиладиган дарсларига 300 нафарга яқин ўқувчи келган. 1500 дан ортиқ ўқувчи ўрнига эга 30-мактаб эса 200 нафар ўқувчи билан таътильдан кейинги машғулотларни бошлади. Газ босими пастлигидан хоналар яхши иситилмаган, ўқитувчи ва ўқувчилар қишки кийимларда ўтирибди.
– Мактабимизда 2370 нафар ўқувчи таълим олади, – дейди 35-умумтаълим мактаби директори Машҳур Ниёзов. – Бугундан анъанавий дарсларни бошлаш тўғрисидаги топшириқ бўйича муассасани шай ҳолатга келтирдик. Лекин совуқ ҳавода ота-оналар фарзандларини жўнатишни хоҳламади шекилли давомат биринчи сменада 20 фоизга ҳам етмади. Иккинчи сменадаги ҳолат ҳам яхши эмас.
Шаҳардаги 37-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ҳам худди шундай ҳолат. Мактаб биноси иссиқ. Аммо, 30 нафар ўқувчи ўқийдиган синфхонада энг кўпи билан 8 нафар ўқувчи дарсда қатнашмоқда. Умумий ҳисобда бу мактабда ҳам давомат 20 фоиз атрофида.
Самарқанд шаҳридаги 6-мактаб 460 ўринли бўлиб, унда икки навбатда 910 нафар ўқувчи таҳсил олади. Бугун биринчи навбатда 550 нафар ўқувчидан 100 нафардан ортиғи, иккинчи навбатда 360 нафар ўқувчидан 80 нафари дарсга келган. Мактаб синфхоналари иссиқ, ўқитувчи ва ўқувчилар учун ҳам зарур шароит мавжуд.
Самарқанддаги олий таълим муассасаларида ҳам аҳвол бундан яхши эмас. Хуллас, таътил тугаб ўқишлар бошланиши тўғрисидаги кеча қабул қилинган топшириқ ҳали кўпчиликка етиб бормаган ёки ўқувчи ва талабалар ҳозирга об-ҳаво шароитида таълим муассасасига етиб келолмаяпти. Ота-оналар эса тизимдаги бетартибликдан, таътил муддати узайтирилиб, кейин яна бекор қилинганидан норози бўлмоқда.
Ғ.Ҳасанов,
А.Исроилов(сурат), ЎзА