Шу кунларда бокс бўйича Рио Олимпиадаси чемпиони Фазлиддин Ғойибназаров ўзининг “Instagram” саҳифасига ҳамроҳлари билан овда иштирок этиб, қашқалдоқларни отгани акс этган видеоларни жойлаштиргани жамоатчиликнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлаётган эди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, қашқалдоқ турнасимонлар туркуми сувмошаклар оиласига мансуб қуш ҳисобланади. Қашқалдоқлар Европа, Осиё, Шимолий Африка ва Австралия, шунингдек, Россиянинг ўрта ва жанубий минтақаларида кенг тарқалган. Ўрта Осиё ва Қозоғистонда ҳам учрайди.
Табиат ресурслари вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган мазкур видео ва суратлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилиб, воқеага муносабат билдирди.
Ўрганишлар давомида 2022 йилнинг 30 декабрь куни Тошкент вилояти Бекобод тумани Сирдарё дарёсида фуқаро Х.У томонидан қушлар овлангани ва ўлжалар билан бевосита бошқа фуқаролар билан биргаликда спортчи Ф.Ғоибназаров ҳам фото ва видеотасвирга тушганлиги ўз тасдиғини топди.
Шунингдек, овни амалга оширган фуқаро Х.У.нинг ов қилишга тегишли ҳужжатлари мавжудлиги, у овчилик жамиятидан рўйхатдан ўтганлиги аниқланди.
Бироқ, у ов жараёнида белгиланган меъёрларга амал қилмаган ҳолда ов қилиш қоидаларини қўпол тарзда бузганлиги ва бу билан табиатга зарар етказганлиги маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 90-моддасига асосан, ҳуқуқбузарга нисбатан жарима ва ҳайвонот оламига етказилган зарар миқдори ҳисобланиб, ов қуроллари Тошкент вилояти Бўка тумани ИИБга белгиланган тартибда топширилди.
Юқоридаги ҳолат юзасидан барча иштирокчилардан бундай ҳолат бошқа такрорланмаслиги тўғрисида тушунтириш хатлари олиниб, профилактик суҳбат ўтказилди.
Г.Сатторова, ЎзА