Маълумки, бугунги кунда пойтахтимизда 509 мингдан зиёд хонадондан иборат 10 минг 813 та кўп квартирали уй мавжуд. Уларга 277 та бошқарув компанияси ҳамда 72 та уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатади.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан янги таҳрирдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди. Жорий йилнинг 23 декабрь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Қонун лойиҳасида “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Қонун нормаларига қўшимча равишда кўп квартирали уйларни бошқариш усуллари қайта кўриб чиқилиб, бошқарув сервис компанияларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.
Биллинг тизимига оид нормалар билан тўлдириляпти. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасидаги ваколатлари алоҳида модда билан белгилаб берилмоқда. Ширкат фаолиятига тегишли бўлган айрим моддалар ва нормалар бугунги кун нуқтаи назаридан ўзгармоқда.
Буларнинг барчаси аҳолига муносиб коммунал хизматларни кўрсатишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Ш.Маматуропова,
ЎзА