![](https://cdn.uza.uz/2022/12/26/08/56/jQwJlX2oMU0g5S8BPwHpdu2VUNc0FeFz_normal.jpg)
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида “Ғиждувон ипак тола” МЧЖ очилди.
Унда хорижий сармоядорлар вакиллари, шунингдек, “O'ZBEKIPAKSANOAT” уюшмаси масъуллари, туман ҳокимлиги мутасаддилари, соҳа фидойилари, кенг жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Меҳмонлар корхонадаги ишлаб чиқариш цехларида бўлиб, умумий жараён билан танишди.
![](https://cdn.uza.uz/2022/12/26/08/56/6NF1agICPw0L7O09BxbQ7KDXejdSZlVT_front.jpg)
Корхонанинг моддий манфаатдорлиги хорижий буюртмачиларга етказиб бериладиган экспорт маҳсулоти ҳисобидан эканлигини инобатга олсак, бунда биргина субъект томонидан йилига жами экспорт қиймати 3,5 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда. Шундан ишлаб чиқарадиган хом ипак экспорт қиймати 2,5 миллион АҚШ долларини ва ипак момиғи экспорти эса 1,5 миллион АҚШ доллари атрофида бўлиши ҳисоб-китоб қилинмоқда. Ишлаб чиқаришга зарур озуқа манбаи учун “Ғиждувон ипак тола” МЧЖга Ғиждувон ҳамда Шофиркон туманларидан 774 гектар тутзор плантацияси бириктирилган бўлиб, бунда 2 миллион 273 минг туп тут кўчати жорий йилдан бошлаб ўтқазилмоқда.
![](https://cdn.uza.uz/2022/12/26/08/56/fxiRbw9DeXy4KRfQ5va7uYfP3AXItghB_front.jpg)
Туркия Республикаси инвестицияси асосида фаолият юритадиган биргина “Ғиждувон ипак тола” МЧЖни олсак, умумий қиймати 2 миллион АҚШ долларига тенг бўлган мазкур лойиҳа амалиёти туфайли маҳаллий аҳоли вакилларидан 180 нафари доимий, 26 минг 596 нафари эса мавсумий ишлаб даромад топиш имкониятига эга бўлмоқда. Корхонанинг пиллани қайта ишлаш линияси йиллик қуввати 144 тоннани ташкил этади. Ишлаб чиқариладиган хом ипак миқдори 48 тоннага, ипак момиғи миқдори эса 18,4 тоннага етказилади. Яна шуниси аҳамиятлики, корхонада бир йил мобайнида 360 минг куб метр табиий газ, 16 минг 800 кВт миқдорида электр энергияси ва 9 336 куб метр ичимлик суви сарфланади.
![](https://cdn.uza.uz/2022/12/26/08/56/BLjcolK7OdajiXrSwYFAg48Igun6wytN_front.jpg)
Саноат учун қимматбаҳо хом ашё – пиллани қайта ишлаш ва экспортини амалга ошириш мақсадида вилоятнинг яна иккита – Пешку ва Бухоро туманларида Туркия Республикаси сармоядорлари иштирокидаги корхоналар қуриб ишга туширилмоқда. Мазкур туманларда умумий қиймати 2 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга ошириш ва хом ашёни қайта ишлашни йўлга қўйиш ҳисобидан маҳаллий аҳоли вакилларидан жами 5 минг 188 нафарини доимий, 103 мингдан зиёд фуқарони мавсумий иш билан таъминлаш имконияти яратилмоқда.
![](https://cdn.uza.uz/2022/12/26/08/56/OkvLWj7YpXh9nOhhbyNvIrYuoMqtp0r1_front.jpg)
Эндиликда туманларда ишга туширилаётган қайта ишлаш корхоналарининг хом ашё таъминотини барқарор изга солиш мақсадида ҳар 20 гектар тутзор қошида 10 та махсус ипак қурти парваришлаш иншооти – қуртхона барпо этилмоқда. Бу дегани, ҳар бир қуртхонада 35 қути ипак қурти парваришланади ва бундан индивидуал тартибда 2 минг 800 килограммдан “кумуш тола” етиштирилади.
Маълумот учун, жорий мавсумда вилоятда фаолият юритаётган пиллачилик корхоналари томонидан қайта ишланган қиймати 9 миллион 814 минг АҚШ долларига тенг маҳсулот хорижий буюртмачиларга экспорт қилинган.
Очилиш маросимида вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирок этди.
Зариф Комилов, ЎзА