Муносабат
Мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида олиб борилаётган барча ислоҳотлар инсон ва унинг манфаатларини таъминлашга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга.
Куни кеча Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ҳам халқимизнинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши учун барча шарт-шароитларни яратиш, таълим-тарбия сифатини замон талаблари даражасига олиб чиқиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, иқтисодиётимизни ривожлантириш, тадбиркор ва инвесторларга кенг имкониятлар яратиб бериш каби кўплаб масалаларга эътибор қаратилиб, қатор ташаббуслар илгари сурилдики, уларнинг моҳиятида ҳам “Инсон қадри учун” деган улуғвор ғоя мужассам эканини англаш мумкин.
Бинобарин, давлатимиз раҳбари 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном беришни таклиф қилгани бу борадаги ишлар мутлақо янги босқичга кўтарилишидан далолатдир. Ушбу таклифни бутун залда ўтирганлар бир овоздан қўллаб-қувватлади. Халқимиз кўтаринкилик билан кутиб олди.
Мамлакатимиз тараққиётининг келгусидаги энг муҳим истиқболли йўналишлари белгилаб берилган Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятидан икки жаҳат алоҳида ажралиб турибди. Биринчиси, тадбиркорларга имкониятларни ошириш, маҳаллий ва хорижий хусусий инвестицияларни кўпайтириш, янги конларни ишга тушириш, хусусийлаштириш, ишлаб чиқариш ва экспортни кўпайтириш, бизнесга солиқ юкини камайтириш, энергетика тизимини ривожлантириш орқали иқтисодиёти кучли давлатни барпо этиш. Иккинчиси, таълим тизимини ислоҳ қилиш орқали маърифатли авлодни улғайтириш, одамларнинг онгу дунёқарашини, тафаккурини юксалтириш.
Шу маънода, айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг янги тараққиёт йўли мамлакатнинг иқтисодий имкониятларидан тўлароқ, янада самаралироқ фойдаланиш билан бирга, халқимизнинг азалий қадриятлари, асрий анъаналари, бой маънавиятини ривожлантириш, миллий томирлардан озиқланган, айни пайтда замонавий билимларга эга бўлган, эркин фикрли авлодни тарбиялаш орқали кечади.
Мурожаатномада янги мактаблар қуриш, мавжудларида шароитларни яхшилаш, ўқитувчи ва мураббийларни қўллаб-қувватлаш, обрў-эътиборини ошириш, бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш тизимини йўлга қўйиш, боғчаларга қамровни кенгайтириш, ёшларнинг замонавий касб-ҳунар эгаллаши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш ва бошқа қатор ҳаётбахш ташаббуслар билдирилдики, уларда йил номига ҳамоҳанг тарзда инсонга эътибор ва сифатли таълимга эришиш мақсади намоёндир.
Тараққиёт давом этар экан, одамларнинг онгу тафаккури, орзу-интилишлари, эҳтиёжлари ортиб, янада кенгайиб бораверади. Очиқлик, ошкоралик, демократик тамойиллар йўлидан бораётган бугунги Ўзбекистонда кишилар ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилишни ўрганди. Халқ билан мулоқотнинг самарали механизми яратилгани боис юртдошларимизга ўз фикр-мулоҳазаларини, таклиф ва ташаббусларини, муаммоларини мутасаддиларга эмин-эркин етказиш имконияти пайдо бўлди.
Президентимиз қайд этганидек, келгуси йилга режаларни тўғри олиш учун халқимизнинг фикри ҳар бир йўналиш бўйича чуқур таҳлил этилган.
Одамлар таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт йўналишларида аниқ-аниқ масалаларни кўтариб, улар бўйича тизимли ечимларни ҳам таклиф этмоқда. Аҳоли мактаб, боғча ва шифохоналарнинг кўпайтирилишини, таълим ва тиббиёт сифати оширилишини, маҳаллада йўл, сув, электр, транспорт муаммоларининг ҳал қилинишини, иш ўринлари, тадбиркорликка янги имкониятлар яратилишини, адолат таъминланишини, оворагарчилик, бюрократия ва коррупциянинг йўқ қилинишини кутмоқда.
Давлатимиз раҳбари аҳоли томонидан кўтарилган ушбу масалалар аниқ ва ўринли эканини, қанчалик қийин бўлмасин, бу муаммоларни ечишимиз шартлигини таъкидлади. Ҳеч ким четдан келиб, буларни ҳал қилиб бермаслигини, одамларимизнинг ташаббуси, шижоати ва салоҳиятини ишга солиш учун барча шароитларни яратиб бериш асосий вазифамиз бўлиши кераклигини қайд этди. Албатта, бу вазифалар бевосита маданият соҳаси вакилларига ҳам дахлдордир.
Маълумки, ҳар қандай эзгу мақсад инсон омили лм-маърифат, инсон эркинлиги, халқ озодлиги, Ватанга, миллий қадриятларга меҳр ва садоқат ғояларини дадил кўтариб чиққан жадид боболаримиз фаолиятини янада чуқур ўрганишимиз лозимлигини таъкидлади. Бу ҳаммамизнинг айни дилимиздаги гап бўлди. Зотан, илм, тарбия ҳақида қандай ибрат керак бўлса, ҳаммаси боболаримиз меросида, ўгитларида бор. Биз ана шуларни фарзандларимизга, келажак авлодга етказишда ташаббускор ва масъулиятли бўлишимиз лозим.
Мухтасар айтганда, Мурожаатномада илгари сурилган ҳаётбахш ташаббуслар, белгилаб берилган долзарб вазифалар халқимизни рози қилиш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, юртимизда учинчи Ренессанс пойдеворини қуришдек эзгу мақсадларга хизмат қилади. Зеро, Президентимизнинг “...қанчалик қийин бўлмасин, танлаган йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Кўзлаган марраларимизга албатта етамиз. Бу йўлда нияти улуғ, қалби пок, меҳнаткаш халқимизга таянамиз. Бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, мен ишонаман, эл-юртимиз интилаётган Янги Ўзбекистонни албатта барчамиз биргаликда бунёд этамиз”, деган ҳароратли сўзлари барчамизга катта куч бериб, бизни янгидан-янги марралар сари бошлайверади.
Озодбек НАЗАРБЕКОВ,
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири.
ЎзА