Олмалиқ кон-металлургия комбинати ва Aurubis AG компанияси ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик шарномаси имзоланди.
Унга кўра жорий йилнинг 16 декабрь куни Комбинатнинг мис концентратлари ортилган биринчи контейнер блок поезди билан 91 дона контейнер 46 та вагонда Европага очилган янги муқобил транспорт коридори – Транскаспий халқаро транспорт йўлаги (Ўрта коридор) орқали Болгариянинг Бургас шаҳрига юборилди.
Юк поезди “Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Болгария” йўналиши бўйлаб 4 минг километрдан ортиқ масофани босиб ўтади. Бу автомобиль йўлига (5 минг км) таққослаганда қарийб 1 минг километрга қисқа демакдир. Бу эса юк ташиш сарф-харажатларининг тежалишига хизмат қилади.
Ушбу амалиёт Туркманистон транспорт логистика маркази (Туркманистон), ADY Container (Озарбайжон) ва GR Logistics and Terminals (Грузия) каби хорижий ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этилди.
ОКМК матбуот хизмати