30 йилдан бери кейинга сурилган масала
Шу йилнинг 4 август куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мутасадди давлат органлари ва ташкилотларига 30 йилдан бери кейинга сурилиб келаётган масалалар ечимига қаратилган, одамларни рози қилишга йўналтирилган давлат хизматининг яқин келажакдаги “йўл харитаси” кўрсатиб берилди.
Йиғилишда Давлатимиз раҳбари томонидан барча соҳалар қатори,35 миллиондан зиёд аҳолимизнинг ҳаётини енгил қиладиган, кайфиятига бевосита таъсир кўрсатадиган масала — давлат хизматини ислоҳ қилиш ҳамда инсон ресурсларини ривожлантиришга оид қатор кечиктириб бўлмайдиган вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, давлат бошқаруви соҳасини ислоҳ қилиш борасидаги ишларни янги сифат босқичига олиб чиқиш, давлат хизматчиларини мунтазам ўқитиш ҳамда билимини баҳолаб бориш тизимини йўлга қўйиш, кадрларни танлашда шаффоф танлов тизимини жорий этиш, энг асосийси кадрларни билимли, қатъиятли, коррупцияга тоқатсиз қилиб тайёрлаш ҳақида кўрсатмалар берилди.
Янги Ўзбекистонда жамиятнинг барча жабҳаларида бўлгани каби раҳбар ва бошқарув кадрлар тизимини янгилаш соҳасида ҳам ислоҳотлар жараёни бошланди ҳамда изчиллик билан олиб борилмоқда. Илк босқичларда бошқарув кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда жой-жойига қўйиш соҳасида салмоқли натижаларга эришилди ва миллий тизим шакллантирилди.
Бироқ тўпланган тажриба бугунги кунга келиб давлат органлари ва ташкилотлари малакали мутахассислар билан етарли даражада таъминланмаётгани, кадрлар малакаси юклатилган вазифалар, замонавий эҳтиёжларга номувофиқлиги, қабул қилинаётган қарорлар сифати пастлигига олиб келаётган бир қатор тизимли муаммолар кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимида янги ислоҳотлар ўтказилишини тақозо этаётганини кўрсатмоқда.
Гап шу ҳақда кетганида, давлат фуқаролик хизматига кириш истагини билдирган номзодларни очиқ мустақил танлов орқали саралаб олиш жараёнини комплекс ҳуқуқий тартибга солишни таъминловчи тўғридан-тўғри таъсир кучига эга қонун мавжуд эмаслигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Шу ва бошқа кадрлар сиёсати билан боғлиқ бўлган тизимли муаммоларни бартараф этиш мақсадида Президентимиз “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш вақти келганини, бу соҳадаги ислоҳотларни амалга оширишда етти марта эмас, ўн марта ўлчаб қарор қабул қилиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.
Давлат хизматчиси — чекланган ресурс
Бугун давлат фуқаролик хизмати соҳасида 118 минг киши меҳнат қилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг узоқни кўра билиш қобилиятлари ва ғоялари асосида сўнгги йилларда давлат хизматчиларини халққа яқинлаштирган “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш тизими йўлга қўйилди. “Қарс икки қўлдан чиқади”, деганларидек, давлат хизматидаги ходимларга самарали ишлашлари учун муносиб шароитлар яратилди. Бунинг натижасида эса, давлат хизматида 40 ёшгача бўлган ходимлар улуши 61 фоизга етди, бу кўрсаткич 5-6 йил олдин 37 фоиз бўлган).
Бироқ яратилган имконият ва шароитга яраша натижадорлик йўқлиги таъкидланди. Президентимиз “ҳали давлат хизмати чинакам халқни рози қиладиган тизимга айлангани йўқ”, деди йиғилишда. Давлатимиз раҳбари буни ўтган йили Халқ қабулхоналарига вазирлик ва ҳокимликлар ходимларининг билимсизлиги ва масъулиятсизлиги ҳақида 25 мингта, уларнинг мулоқот маданияти етишмаслиги билан боғлиқ 7 мингта шикоят келиб тушгани билан изоҳлади.
Қобилиятни аниқлаш, ўқитиш, ишини яхши йўлга қўйишга ўргатадиган яхлит тизим бўлмагани учун, айрим раҳбар кадрлар берилган вазифаларни эплай олмаётгани кўрсатиб ўтилди. Мисол учун, жорий йилнинг ўтган 6 ойида билим ва кўникмалари етишмагани боис, 37 нафар туман ва шаҳар ҳокимлари алмаштирилди. Умуман, масъул лавозимларда ўтирган раҳбарларни танлаш, тайёрлаш ва мотивация бериш йўлга қўйилмагани ижродаги оқсоқликларнинг асосий сабабларидан бири бўлмоқда.
Шу боис, маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилиб, сўнгги 2 йил давомида чуқур муҳокамалар асосида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун тайёрланди. 64 моддадан иборат Қонун шу йилнинг 8 август куни Президентимиз томонидан имзоланди. Айтиш жоиз, мазкур Қонун орқали давлат фуқаролик хизматчиларига талаб ва мажбуриятлар қўйиш билан бирга, улар фаолиятининг кафолатлари, ижтимоий ҳимоясини кучайтиш масалалари ҳам ўз аксини топган.
Иқтисодиётда хусусий сектор ўсиб бораётгани сари, малакали кадрларга талаб ошиб бормоқда. Бу рақобатли бозорда давлат хизмати ҳам жозибадор бўлиши керак. “Битта мутахассисни тайёрлаш учун қанча-қанча вақт, меҳнат ва маблағ талаб этилади. Қолаверса, давлат хизматчиси ҳам чекланган ресурс эканини унутмаслик керак”, деди Президент. Шу боис, ходимнинг тажрибаси, малакаси ва эришган натижасига қараб рағбатлантириш тизими жорий қилиниши кўриб чиқилади.
Салоҳиятли кадр очиқ ва шаффоф тизим асосида танланади
Шуни таъкидлаш лозимки, кадрларни танлаш ва ишга қабул қилишнинг очиқ танлов тизимининг йўлга қўйилиши бу — коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда, янгича ёндашув асосида кадрларни танлашда эски усуллардан воз кечиб, уларнинг интеллектуал салоҳиятини, маънавий фазилатларини баҳолайдиган очиқ ва ошкора танлов тизими жорий этилди.
Тараққий этган давлатлар томонидан намуна сифатида олинган давлат фуқаролик хизмати соҳасида бошқарувнинг замонавий тизимини жорий этиш борасидаги ислоҳотлар негизидаги асосий вазифалардан бири “очиқ мустақил танлов асосида кадрларни танлаб олиш” эканини кўришимиз мумкин. Бунда энг иқтидорли, компетенциялари юқори бўлган ходимлар меритократия тамойили асосида бўш иш ўринларига ишга қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 2020 йил август ойида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz фаолияти йўлга қўйилган эди.
Мазкур портал давлат органлари ва ташкилотларининг вакант лавозимларига энг истиқболли кадрларни очиқ мустақил танлов асосида қабул қилиш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, 2020-2022 йиллар давомида 78 та давлат органи ва ташкилотлари, ҳамда 208 та туман (шаҳар) ҳокимликлари порталига уланган бўлиб, улар томонидан вакант лавозимлар учун 105 мингдан ортиқ танлов эълон қилинди.
Танловларда 1,3 млн.дан зиёд номзод иштирок этган бўлиб, уларнинг 45 минг нафари танлов ғолиби сифатида вакант лавозимларни эгаллаган.
Портал давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант лавозимларини муносиб кадрлар билан тўлдириш учун “бир дарча” тамойили асосида фаолият кўрсатади. Яъни, меҳнат ва кадрлар ишига оид барча интернет платформалари мазкур портал билан интеграциялашган. Портал интерактив бўлиши билан бирга номзодлар учун қатор имконият ва қулайликларни тақдим этади. Масалан, танловда иштирок этиш истагида бўлган номзодлар бир йўла давлат органининг учтагача бўш иш ўрни учун ариза топшириши мумкин. Ариза юбориладиган ташкилотлар сони чегараланмаган. Вакант иш жойига бўлган малакавий талаблар иш берувчи барча учун тенг тамойил асосида белгиланади.
Мазкур тизимнинг аҳамиятли томони шундаки, танлов босқичлари бўйича маълумотлар онлайн тарзда ҳар бир номзоднинг порталдаги шахсий кабинетига юборилади, яъни ҳар бир босқич натижаси бўйича номзодларга асосланган жавоб берилади. Энди давлат фуқаролик хизматига кириш учун номзод-кадрлар қоғозлар тўпламидан иборат объективка ва бир қанча маълумотномаларни кўтариб давлат органлари ва ташкилотларига сарсон ва овора бўлиб юрмайдилар. Номзод ҳақидаги барча маълумотлар Ягона миллий меҳнат тизими орқали автоматик тарзда ўз аризасида акс этади. Шунчаки электрон платформага кириб, 3-4 қадамдан иборат ҳаракат орқали ўзларига муносиб вакант лавозимга ариза юборадилар.
Ариза қабул қилингандан сўнг ташкилотда тузилган очиқ танлов бўйича комиссия томонидан 3 иш кунида номзодларнинг аризалари белгиланган малака талаблари бўйича ўрганилади ҳамда натижаси юзасидан ҳар бир номзоднинг шахсий кабинетига тегишли хабар юборилади. Танловнинг кейинги босқичи — тест синовига ўтган номзод 3 иш куни мобайнида Агентлик томонидан ҳудудларда марказлаштирилган ҳолда тест синовидан ўтказилади. Шундай қилиб, ижобий натижага эга бўлган номзодлар билан 3 иш куни мобайнида танлов комиссияси томонидан суҳбат ўтказилади. Суҳбат жараёни ассесмент шаклида ташкил этилиб, номзодларга тенг шароит ҳамда тенг вазндаги саволлар берилади. Бу жараёнда Агентлик масъул ходими кузатувчи сифатида иштирок этади ҳамда шаффоф ва адолатли тарзда ўтишини назоратга олади. Суҳбат жараёнидан мувафаққиятли ўтган номзодни ишга қабул қилиш бўйича тегишли ҳужжатлари расмийлаштирилиб, платформага юкланади, шундан мазкур вакант лавозим автоматик тарзда Ягона миллий меҳнат тизимида ёпилади.
Табиий савол туғилади. Бу тизимни жорий этишда ташкилот ва идораларнингкадрлар бўлинмалари қай даражада тайёр, улар янгича тизимнинг драйвери бўла оладими? Ушбу масаланинг ечими ҳам Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги эътиборидан четда қолмади.Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари,туман-шаҳар ҳокимларининг кадрлар бўлинмалари раҳбарлари учун инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш масалаларини қамраб олган малака ошириш курслари тизимли ташкил қилинди.Ўқув жараёнларида кадрларни танлаш ва улар билан ишлаш борасида замонавий усулларни қўллаш, давлат фуқаролик хизматига иқтидорли кадрларни жалб қилиш, бу жараёнда эътибор бериш лозим бўлган жиҳатларнинг энг кичик нуқталаригача бўлган мезонлари яққол мисоллар ва амалий намуналар билан кўрсатиб берилмоқда.
Барча жараёнларда жамоатчилик назорати юқори даражада қўйилган десак муболаға бўлмайди. Ўтган давр мобайнида жамоатчилик томонидан тест синови ҳамда суҳбат жараёнини янада такомиллаштириш, саволларни соҳавий йўналишлардан келиб чиқиб тайёрлаш, суҳбат жараёнидан мустақил экспертларни жалб этишга қаратилган 40 дан ортиқ конструктив таклифлар келиб тушди. Уларнинг деярли барчаси ижрога қаратилди, яъни портал фаолияти янада такомиллаштириб, танлов босқичларида инсон омили максимал даражада минималлаштирилмоқда.
Сарвар Умаралиев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бош инспектори