Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Аммо шунга қарамай кейинги пайтларда тиббиёт ходимларига ғайриқонуний тажовуз ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Масалан, 2019-2022 йилларда 285дан ортиқ ҳолатда тиббиёт ходимларига нисбатан турли шаклда тажовуз қилинган.
Амалдаги қонунчиликда эса хизмат вазифасини бажараётган тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилганлик, фаолиятга тўсқинлик қилганлик учун тўғридан-тўғри жавобгарлик белгиланмаган. Бундай шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг турли моддалари билан жазога тортилаётган бўлсада, улар қилмишига яраша жазо олмаяпти.
Шу боис «Тиббиёт ходимининг фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу қонун лойиҳаси билан эндиликда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги моддалар билан тўлдирилиб, тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда таъсир ўтказган фуқароларга 1,5 миллион сўмдан 2,1 миллион сўмгача, мансабдор шахсларга эса 2,1 миллион сўмдан 3 миллион сўмгача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ белгиланмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида қизғин муҳокама қилинди. Муҳокамалар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳасининг бугунги кундаги зарурати ва аҳамиятини эътиборга олиб, уни янада такомиллаштириш лозимлигини билдирди. Ҳужжатни пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича кўплаб асосли таклифларни илгари сурдилар.
Йиғилишда «Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали Олий судда иш ҳажмининг сезиларли камайишига, Олий суд судьяларининг асосий эътиборини қуйи судлар учун ягона суд амалиётини шакллантириш, судларнинг масъулиятини ошириб, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, фуқароларнинг шикоят қилишга бўлган ҳуқуқлари доираси кенгайиши ҳамда уларнинг эътирози ва сарсонгарчилигининг олдини олишга эришилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА