Андижон вилояти ҳокими ташаббуси билан қиш мавсумини беталофат ўтказиш, бу борадаги муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳарга масъуллар бириктирилди.
Масъуллар раҳбарлигида ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, туман сектор раҳбарлари билан биргаликда маҳаллаларда қиш мавсумига тайёргарликнинг ҳолати ўрганилмоқда. Муаммолар, хато ва камчиликлар аниқланиб, бартараф этилмоқда.
Пахтаобод туманининг Тўраобод маҳалласида бўлган ишчи гуруҳ вакиллари маҳалла фаоллари, аҳолиси билан суҳбатлашиб, хонадонларда қишга тайёргарлик, электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, ичимлик сув таъминоти бўйича айни пайтдаги вазиятни ўрганди. Аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилди.
– Ўрганишлардан мақсад аҳолини оғирини енгил қилиш, бугунги совуқ кунларда уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишга, қиш мавсумини беталофат ўтказишларига кўмаклашиш, – дейди Пахтаобод тумани ҳокими Азизбек Латифжонов. – Вилоят ҳокими ташаббуси билан ҳар бир маҳаллада режа асосида олиб борилаётган бу ишлар аҳолининг бугунги кунида рози бўлиб яшашини таъминлашга, эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
[gallery-9930]
Шунингдек, тумандаги Аҳиллик, Қўрғонча ва Дўстлик маҳаллаларидаги ижтимоий соҳа объектларидаги иситиш тизимларининг ҳолати, аҳолининг тоза ичимлик сув, кўмир маҳсулоти билан таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар билан танишди, умуман, коммунал соҳадаги вазият таҳлил этилди.
Тумандаги Қумшайдон, Қорақўрғон маҳаллаларидаги ҳолат ҳам атрофлича ўрганилди. Жумладан, Қумшайдон маҳалласидаги 69- ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби, тиббиёт пункти, шунингдек, Гулистон қишлоқ врачлик пунктидаги иситиш тизимининг ҳолати, шунингдек, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги ишлар билан танишилди. Мазкур йўналишдаги камчиликларни бартараф этиш, қиш мавсумини беталофат ўтказиш юзасидан масъул ва мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Бу борадаги ишлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида режа асосида давом этмоқда.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА