Туркия Сурияда ҳарбий амалиёт ўтказиш учун ҳеч кимдан рухсат олмайди. Бу ҳақда Туркия Президентининг расмий вакили Иброҳим Калин маълум қилди.
Унинг сўзларидан қуйидаги иқтибосни “Анадолу” агентлиги келтирди:
- Туркия миллий хавфсизлигини таъминлаш бўйича операция ўтказиш учун рухсат олмоқчи эмас. Агар бизга нисбатан таҳдид қилинса, жумладан, ҳар қандай ҳужум ёки теракт уюштирилса, Туркия НАТОнинг барча иттифоқчилари билан вазиятни муҳокама қилади. Ҳамкорлардан жавоб келмаган тақдирда давлатимиз раҳбари муаммони ўзи ҳал қилишга киришади. Айрим давлатлар ўзларига нисбатан заррача таҳдид бўлган тақдирда ўйлаб ҳам ўтирмасдан ўз чегараларидан ўн минглаб километр узоқдаги ҳудудларга зарба беряпти. Айнан шулар Анқаранинг тўғридан-тўғри Туркия чегарасидаги амалиётидан ғазабга келмоқда. Бир-бирига зид бундай қарашни қандай тушуниш керак?
20 ноябрдан бошлаб Туркия Қуролли кучлари Сурия ва Ироқ билан чегарадош ҳудудларда жойлашиб олган террор ташкилотларига қарши ҳарбий амалиёт ўтказиб келмоқда.