Республика халқ таълими вазирининг 2022 йил 24 ноябрдаги буйруғи билан Анвар Муҳаммадхонович Маҳкамов Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Анвар Маҳкамов 1982 йил 15 октябрда Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида туғилган. Маълумоти олий, 2003 йили Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институтини (ҳозирги Наманган муҳандислик-технология институти), 2005 йилда эса ушбу олий таълим муассасасининг магистратурасини тамомлаган. Мутахассислиги - муҳандис. Техника фанлари доктори (“DSc”) илмий даражаси соҳиби.
Меҳнат фаолиятини 2005 йилда Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институтида илмий бўлим муҳандислигидан бошлаган. 2006-2022 йилларда у Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институтида (ҳозирги Наманган муҳандислик-технология институти) аспирант, марказ муҳандиси, халқаро алоқалар бўлими муҳандиси, машина ва жиҳозлар кафедраси ассистенти, таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи вазифаларида ишлаган. Тўрт йил давомида Португалиянинг Порто университетида докторант сифатида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориб, “PhD” илмий даражасига эга бўлган.
Анвар Маҳкамов “Erasmus Mundus” дастурининг “TOSCA” лойиҳаси ва Португалиянинг “INEGI” компанияси грантлари соҳиби бўлган. Туркия, Хитой, Беларусь ва Ҳиндистон давлатларида амалий хизмат сафарларида бўлиб, турли даражадаги форумларда иштирок этган ҳамда бир қатор ҳамкорлик шартномаларини тузишда муносиб ҳисса қўшган.
Тайинловга қадар, яъни 2022 йил июль ойидан буён Наманган муҳандислик-технология институти халқаро ҳамкорлик бўйича проректори лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.