Жиззах шаҳридаги хонадонлардан бирига босқинчилик йўли билан ўғрилик содир этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари, капитан Абулқосим Аҳмедов қуйидагиларни маълум қилди.
– Жиззах шаҳри “Сайлжойи” маҳалласида яшовчи, бозорда савдо фаолияти билан шуғулланадиган фуқаро уйида 2008 йилда туғилган, вояга етмаган фарзандини ёлғиз қолдиради, – дейди капитан Абулқосим Аҳмедов. – Кундуз куни соат тахминан 11-00 ларда номаълум шахс эшикни тақиллатади ва болага сумалак сотиб юрганини айтади. Бола, уйда катталар йўқлигини айтади. Бу ҳолатдан фойдаланган қора ниятли шахс, ҳожатхонага киритишини сўрайди.
У алдов йўли билан ичкарига киргач 14 ёшли болага зўрлик ишлатиб, қўл-оёқларини боғлаб қўяди. Кейин хонадонда бўлган сейф ичидаги 8 миллион сўм, 1 минг 700 АҚШ доллари ва 35 миллион 600 минг сўмлик тилла тақинчоқларни олиб ёғоч нарвон орқали қўшнининг ҳовлисига ўтиб, воқеа жойидан ғойиб бўлади.
Жиззах шаҳар ички ишлар бўлими тезкор гуруҳ ходимлари томонидан ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган қидирув тадбирлари натижасида босқинчилик ва талончиликда гумонланувчи шахс тезда қўлга олинди.
Гумонланувчининг шахсига аниқлик киритилганида, у Самарқанд вилояти Жомбой туманида яшовчи, 2000 йилда туғилган, аввал ҳам ўғрилик қилгани учун судланган шахс бўлиб чиққан.
Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши очилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА