Коррупцияга қарши кураш мамлакатимизда борган сари кучайиб, порахўрлик содир этаётган шахслар жиноятларига яраша жазо олаётганлари ҳақида оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёзиб борилаётган бўлсада, жамиятимизда ҳамон бундай қонунбузарлар минг афсуски борган сари кўпайиб бормоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жиззах вилояти бошқармаси томонидан вилоят ички ишлар органлари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “Ғаллаорол ўқув-спорт техника клуби” УК ўргатувчи устаси Эгриқул Букриқулов (мақоладаги персонажларнинг исми-шарифи ўзгартирилди) фуқаро Доллиқул Жоллиқуловнинг ишончига кириб, унга “Б” ва “С” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришни ваъда қилади. Бу “ҳиммати” учун 4 миллион 500 минг сўм бериши лозимлигини айтади. Ушбу пулларни Эгриқул Букриқулов шогирди Доллиқул Жоллиқуловдан олган вақтда ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳамкорликдаги тезкор гуруҳи ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланади.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли модаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Қонунга хилоф равишда ҳаракат содир этган Эгриқул Букриқулов, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан айбдор деб топилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
...Коррупцияга мойиллиги бўлган шахслар, порахўрликни содир этмасданоқ, амалга ошираётган “ишбилармон”лиги фош бўлиб қолган тақдирда, ушбу қонунбузарлиги учун уни қандай жазо кутаётганини яхши билади, лекин билсада бу “иш”ини амалга ошираверади. Чунки бу жинояти учун белгиланадиган жазо биринчидан у қадар оғир эмаслигини, авфга “илиниб” қолса бу жазонинг ҳам ҳеч бўлмаса, учдан бир қисми енгиллаштирилишига ақли етади. Коррупция учун қўлланилаётган жазо чораларини янада кучайтириш керак, акс ҳолда порахўрлар – порахўрлигини давом эттираверади.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА