Чирчиқ шаҳар ҳокими Даврон Ҳидоятов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Туркия давлатида хизмат сафарида бўлиб, ҳудуддаги саноат тармоқлари фаолияти билан танишди.
Хусусан, Истанбул шаҳрида делегация вакиллари “Экватор Гроуп” корхонаси мутасаддилари билан учрашув ўтказди. Ўзаро ҳамкорлик борасидаги муҳокамалар якунига кўра, Чирчиқ шаҳрида жами 40 миллион долларлик Ўзбекистонда биринчи текстиль мато ва маҳсулотлари қолдиқларини қайта ишлаб, ип-калава тайёрловчи инвестиция лойиҳасини ишга тушириш бўйича келишув битими имзоланди.
Чирчиқ шаҳар ҳокимининг кейинги манзили Анқара шаҳрида фаолият юритаётган “Остим” уюшган саноат зонаси бўлди. Бу ерда уюшма раиси Орхан Айдин билан учрашув ўтказилди. Асосий эътибор Чирчиқ технопаркида саноат тармоқларини ривожлантириш масалаларига қаратилди. Музокаралар якунига кўра мезбонлар икки томонлама йўл харитаси тузиш юзасидан 2023 йилнинг биринчи чорагида Чирчиқ шаҳрига ташрифи бўйича келишиб олинди. Бундан ташқари, делегация вакилларини Анқара шаҳри мэри Мансур Яваш илиқ кутиб олди. Ўзаро суҳбат давомида иқтисодиёт, фан, таълим, маданият соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш бўйича фикр алмашилди. Айниқса, Чирчиқ шаҳрида турк тадбиркорлари иштирокидаги иқтисодий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, янги иш ўринларини яратиш, замонавий саноат ускуналарига эга корхоналарни ишга тушириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
“Анқара 1” кичик саноат зонаси раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда Даврон Ҳидоятов турк ишбилармонлари учун Чирчиқда яратилган имкониятлар ва уларга қулай бўладиган лойиҳалар бўйича маълумотлар берди. Туркиялик тадбиркорлар Ўзбекистонга таклиф этилди ва икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун келишиб олинди.
А.Мусаев, ЎзА.