Фармон ва ижро
Кейинги пайтда мамлакатимизда давлат харидлари тизими ривожланаётган йўналишлардан биридир. Давлат харидлари бюджетдан ажратилган маблағларни мақсадли ва рақобатли усулда шаффоф ишлатилиши билан боғлиқ бўлиб, ушбу тизим инвестицион муҳитни яратишда ҳам катта аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида ушбу тизим фаолияти учун муҳим чора-тадбирлар белгиланган.
ЎзА мухбирининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат харидлари департаменти директори Сарвар НАЗАРОВ билан суҳбати айнан шу тизим фаолияти ва уни такомиллаштириш йўлида қабул қилинган қонун, фармон ва қарорлар ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар хусусида бўлди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/6Oqam-R63QY" title="ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ИҚТИСОДИЙ ИМКОНИЯТЛАРГА КЕНГ ЙЎЛ ОЧАДИ" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>– Президентимизнинг 2021 йил 16 июндаги фармонида давлат харидлари тизимининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган муҳим вазифалар белгиланган. Шунингдек, 2021 йил 22 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуни ҳам қабул қилинди. Албатта, бу ҳужжатлар тизим ишини такомиллаштиришда муҳим ҳуқуқий асосдир.
Давлат харидлари товар хизматларини давлат буютмачилари томонидан ўз эҳтиёжлари учун пулли асосда харид қилиш ҳисобланади. Оддий сўз билан айтганда, ҳар бир давлат буюртмачиси, яъни бу корхона бўладими ёки бюджет ташкилоти бўладими, у авваламбор, ўзига керакли бўлган товар хизматларини харид қилади. Давлат харидлари платформаси ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Мана ўзингиз ҳам бозорга борганингизда, энг маъқул, сифатли ва арзон товарни харид қиласиз. Шунга ўхшаш бу тизим ҳам ана шундай бозорни яратиб берадиган платформадир.
Маълумотларга тўхталадиган бўлсак, ўтган йилнинг ўзида 147 триллионлик товарлар шу платформа орқали харид қилинган. Бу ўтган йилга нисбатан 12 фоиздан кўпдир. Муҳими, тадбиркорлик субъектлари томонидан шу бозорга қизиқиш кўпайган. Таҳлилий маълумотларга кўра, 2020 йилда давлат харидларида 99 минг нафар тадбиркор фаол қатнашган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 190 минг нафарга етди.
Ўтган йили 147 триллионлик бозорнинг ЯИМга нисбатан ҳиссаси 20 фоизни ташкил этади. Ривожланган давлатларда ҳам давлат харидларининг улуши ЯИМда 20-25 фоиздир.
– Давлат харидлари департаменти томонидан бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– 2019 йилдан бошлаб Давлат харидларига ваколатли орган Молия вазирлиги қилиб белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 июлдаги “Давлат харидлари шаффофлигини таъминлаш ва самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш устувор вазифаларимиздан. Унга мувофиқ, корпоратив ташкилотларни давлат харидлари тизимига жалб қилиниши ва уларни мазкур тизимда амалга оширилаётган харидларни мониторинг ўтказиш кўзда тутилади.
Амалга оширилаётган ишлар натижасида йирик давлат корхоналари давлат харидлари тизими билан қамраб олинди. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуни билан 2022 йил 1 январдан электрон танлаш ва тендер савдолари электрон шаклда амалга ошириш белгиланди. Жорий йилнинг январидан бошлаб шу тизимни йўлга қўйдик.
Тизимда бешта харид тури, яъни электрон дўкон, аукцион савдолари, энг яхши таклифларни танлаш ва тендер савдолари асосида харидларни амалга ошириш мумкин. Бу рақобатли усул ҳисобланади. Бундан ташқари, тўғридан-тўғри харидлар фаолияти ҳам мавжуд. Электрон аукцион ва электрон дўкон орқали шартномалар тузиш автоматлаштирилган. Бу жараёнда инсон омили йўқ. Кейинги йилларда тизимни тўлиқ автоматлаштиришни режалаштирганмиз.
– Давлат харидлари тизимини ривожлантириш стратегияси лойиҳасида қандай устувор вазифалар белгиланган?
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 майдаги “Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Молия вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда Давлат харидлари тизимини ривожлантириш стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда тизимни янада такомиллаштириш, унинг имкониятларини кенгайтириш, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, шунингдек, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, аёл тадбиркорлар, ёш тадбирларга кенг имконият бериш борасида қатор вазифалар белгиланган.
Жорий йилнинг 28 октябрь куни халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда давра суҳбатини ўтказиш ҳам ушбу ишлаб чиқилган лойиҳа билан боғлиқдир. Унда иштирокчиларга Давлат харидлари тизимини ривожлантириш стратегияси лойиҳаси тақдим этилди. Биз лойиҳа ҳақида иштирокчиларнинг фикрларини ўргандик. Бунда электрон тизимни ривожлантириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, шартномавий муносабатларни яхшилаш каби масалаларда таклифлар келиб тушди. Шу таклифлар асосида стратегияни ишлаб чиқиб, яқин кунлардан лойиҳани ҳукуматга тақдим этиш кўзда тутилган.
– Тизимда табдиркорлик субъектларининг иштироки ва уларнинг қамраб олинганлик даражаси қандай?
– Умумий тадбиркорлик субъектлари рўйхатига бўйича бу йилнинг ўзида 500 минг нафар рўйхатдан ўтказилган. Шундан салкам 195 минг нафар табиркорлик субъекти давлат харидларида рўйхатдан ўтказилиб, ўз фаолиятини шу платформа орқали амалга оширмоқда.
Шунга қарамасдан, биз ҳали тадбиркорлик субъектларини тўлиқ қамраб олиш учун тизимни янада такомиллаштиришимиз зарур. Бу борада олдимизда катта ишлар турибди. Ўтган йилги кўрсаткичларни оладиган бўлсак, тадбиркорлик субъектларининг давлат харидларига бўлган қизиқиши ортмоқда. Давлат харидлари очиқланяпти. Барча маълумотлар очиқ ва шаффофлиги таъминланмоқда. Тизимдаги харидлар оммавий ахборот воситаларида ёритилмоқда. Уни соддалаштириш бўйича давлат буюртмачилари ва иштирокчиларининг билим кўникмасини ошириш борасида яхши қадамлар ташланган. Молия вазирлигининг Ўқув марказида электрон платформа яратдик. Унда ҳар бир иштирокчи рўйхатдан ўтиб, билимини ошириш мумкин. Тизим ҳақида барча маълумотлар жойланган. Якунида тест асосида тегишли малакавий ҳужжатни олиш мумкин. Ўтказилаётган тадбир, форум ва учрашувлар давлат харидлари бўйича кенг тушунчалар беришга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 октябрдаги "Ногиронлиги бўлган шахслар жамиятларига тегишли ташкилотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси қандай таъминланмоқда?
– Президентимизнинг мазкур қарорида ногиронлиги бўлган шахсларни давлат харидлари орқали кенг имконият яратиб бериш кўзда тутилган. Бунда улар ўзлари ишлаб чиқарган товарларни давлат харидлари орқали тўғридан-тўғри давлат буюртмачилари билан шартнома асосида харид қилади.
Шунингдек, қарор билан ҳудудлар доирасида ярмаркалар ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Уларга кафолатли харидлар яратилмоқда. Бунда улар уч йил давомида давлат буютмачилари билан шартномалар тузиб, товарларини реализация қилади.
Жорий йилнинг 22 июнь куни пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Давлат харидлари барча учун” шиори остида ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазма ярмаркаси ташкил этилди. Қарор ижроси доирасида ташкил этилган мазкур тадбир ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаоллигини ошириш, тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилаётганларга ҳар жиҳатдан кўмак беришга қаратилган.
Шу тариқа, ҳудудларда ҳам ярмаркалар ташкил этилади. Бундан асосий мақсад давлат буюртмачиларини ҳамда хўжалик юритувчи субъектларини ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар билан яқиндан таништириш ва шартномалар тузишдир.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.
Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА